Забур 113:1-26 UZV2013 - Bible AI

1[1-2] Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетганда, Яҳудо юрти Худонинг муқаддас маскани бўлди. Ҳа, Ёқуб хонадони бегона юртдан кетганда, Исроил юрти Худонинг шоҳлиги бўлди.

3Денгиз Худони кўрди–ю, қочди [1], Иордан дарёси орқага қайтди [2].

4Тоғлар қўчқорлар каби сакради [3], Тепаликлар қўзилар каби ирғиди.

5Не бўлди, эй денгиз, қочиб кетдинг? Не бўлди, эй Иордан, орқага қайтдинг?

6Эй тоғлар, нечун сакрадингиз такалар каби? Эй тепаликлар, нечун ирғидингиз қўзилар каби?

7Титрагин, эй замин, Раббий олдида, Ёқубнинг Худоси ҳузурида.

8У қояни сув ҳовузига айлантирган, Қаттиқ қояни булоққа айлантирган [4].

9Эй Эгам! Содиқ севгинг, садоқатинг ҳақи Сенга шарафлар бўлсин! Бизга эмас, Сенга шарафлар бўлсин!

10Нима учун бегона халқлар: “Қани уларнинг Худоси”, дея айтарлар?

11Бизнинг Худойимиз самолардадир, У истаганини қилаверади.

12Халқларнинг худолари эса кумуш, олтиндан, Инсон қўлларининг маҳсулларидир.

13Бутларнинг оғизлари бор, сўзлай олмаслар, Кўзлари бор, кўра олмаслар.

14Уларнинг қулоқлари бор, эшита олмаслар, Бурунлари бор, ҳидлай олмаслар.

15Уларнинг қўллари бор, сеза олмаслар, Оёқлари бор, юра олмаслар, Бўғизларидан овоз чиқара олмаслар.

16Бутларни барпо қилганлар, бутларга ишонганлар Худди уларга ўхшаган бўлиб қолар.

17Эй Исроил халқи! Ишонинг Эгамизга, У мадад берар, қалқон бўлар сизга!

18Эй Ҳорун хонадони! [5] Ишонинг Эгамизга, У мадад берар, қалқон бўлар сизга!

19Эй Эгамиздан қўрққанлар! Ишонинг Эгамизга, У мадад берар, қалқон бўлар сизга!

20Эгамиз бизни ёдда тутиб, барака беради, Исроил халқига У барака беради, Ҳорун хонадонига У барака беради.

21Эгамиз Ўзидан қўрққанларга барака беради, Каттаю кичикка бир хилда барака беради.

22Эгамиз сизларни, Болаларингизни кўпайтирсин.

23Осмону ерни яратган Эгамиз сизларга барака берсин.

24Самолар Эгамизнинг самоларидир, Ерни эса У инсонларга бергандир.

25Ўлим сукунатига ботганлар — ўликлар Эгамизга ҳамду сано айтмаслар.

26Биз эса Эгамизга ҳозир ҳам, абадулабад Олқишлар айтамиз.

26 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

>