1[1]Бахтлидир йўллари пок бўлганлар, Эй Эгам, Сенинг қонунинг бўйича юрадиганлар.
2Бахтлидир Сенинг шартларингга риоя қиладиганлар, Бутун қалби билан Сенга интиладиганлар.
3Улар асло ноҳақ иш қилмайдилар, Сенинг йўлларингдан юрадилар.
4Ўзинг бизга амр бериб, Буйруқларимга диққат ила итоат этинг, дегансан.
5Қани, энди фармонларингни адо этишда барқарор бўлсам!
6Мен шарманда бўлиб қолмай, дея Ҳамма амрларингга диққат қиламан.
7Сенинг одил қоидаларингни ўрганганимда, Тоза қалб ила ҳамду сано айтаман Сенга.
8Сенинг қонунларингни бажараман, Мени бутунлай тарк этмагин.
9Йигит қандай қилиб йўлларини пок сақлайди? Каломинг бўйича яшаб, шунга эришади.
10Бутун қалбим билан Сенга интиламан, Амрларингдан оғишимга йўл қўймагин.
11Сўзларингни юрагимда асрайман, Токи Сенга қарши гуноҳ қилмайин.
12Эй Эгам, Сенга олқишлар бўлсин, Фармонларингни ўргатгин менга.
13Оғзингдан чиққан барча қоидаларни Ўз оғзим билан эълон қиламан.
14Шартларингга эргашиб, лаззат топаман, Гўё катта бойлик топиб хурсанд бўламан.
15Буйруқларинг ҳақида чуқур фикр юритаман, Сенинг йўлларингга диққат қиламан.
16Фармонларингдан лаззат оламан, Каломингни мен унутмасман.
17Мен, Ўз қулингга яхшилик қилгин, Токи яшаб, каломингга итоат этайин.
18Кўзларимни оч, токи кўрайин Қонунингдаги ажойиботларни.
19Ер юзида мусофирдай яшайман, Амрларингни мендан яширма.
20Жоним куяётир ҳасрат билан, Қоидаларингни ўрганишни доим истайман.
21Лаънатланган такаббурларга, Амрларингдан оғиб кетганларга Сен танбеҳ берасан.
22Ҳақорат, хўрликни мендан узоқлаштир, Ахир, шартларингни доимо бажарганман.
23Ҳатто шаҳзодалар тўпланиб, менга бўҳтон қилсалар ҳам Мен фармонларинг ҳақида чуқур фикр юритаман.
24Сенинг шартларинг менга лаззат бағишлайди, Шартларинг мен учун маслаҳатчидирлар.
25Жоним чиқай деб турибди, Ваъдангга кўра, ҳаётимни сақлагин.
26Ҳаётим ҳақида Сенга айтиб бердим, Сен жавоб бердинг. Энди фармонларингни менга ўргатгин.
27Менга буйруқларингни тушунтир, Токи мўъжизаларинг ҳақида чуқур фикр юритай.
28Жоним адо бўлди ғам–ғуссадан, Қувват бергин менга ваъдангга биноан.
29Сохта йўллардан мени сақлагин, Илтифот ила қонунингни менга ўргатгин.
30Мен садоқат йўлини танлаганман, Қоидаларингни юрагимга жо қилганман.
31Эй Эгам, шартларингни маҳкам ушлаганман, Энди шарманда бўлишимга йўл қўймагин.
32Жоним билан амрларингни бажараман, Зотан менга кўп заковат ато қиласан.
33Эй Эгам, менга фармонларингни ўргат, Токи мен уларни охиригача бажарайин.
34Заковат бер менга, токи қонунингга риоя қилай, Чин қалбимдан қонунингни бажарай.
35Амрларинг сўқмоғидан мени етаклагин, Мен ундан лаззат топаман.
36Юрагимни ноҳақ фойда томон эмас, Ўз шартларинг томон бургин.
37Кўзларимни бефойда нарсалардан қайтаргин, Ваъдангга биноан ҳаётимни сақлагин [2].
38Мен, Ўз қулингга берган ваъдангда тургин, Бу ваъданг Сендан қўрқадиганлар учундир.
39Шармандаликдан қўрқаман, мендан узоқ қил, Зотан қоидаларинг эзгудир.
40Буйруқларингга нақадар талпинаман, Адолатинг билан ҳаётимни сақлагин.
41Содиқ севгингни, эй Эгам, менга кўрсат, Ваъдангга кўра, менга нажот бер.
42Шунда мени ҳақорат қилганларга жавоб бераман, Сенинг каломингга умид қиламан.
43Оғзимдан ҳақиқат каломини тамом тортиб олма, Сенинг қоидаларингга умидимни боғладим.
44Қонунингга доимо риоя қиламан, Абадулабад риоя қиламан.
45Мен озод бўлиб юравераман, Буйруқларингни излаб топганман.
46Шоҳлар олдида шартларингдан сўйлайман, Шарманда бўлмасман.
47Амрларингдан лаззат топаман, Мен амрларингни севаман.
48Амрларингга иззату севги кўрсатаман, Фармонларинг ҳақида чуқур фикр юритаман.
49Эсла мен, қулингга берган ваъдангни, Сен ваъда бериб, умидвор қилгансан мени.
50Кулфатда қолганимда шу менга тасалли беради, Сенинг ваъданг менинг ҳаётимни сақлайди.
51Такаббур мени тамом масхара қилади, Шунда ҳам қонунингдан юз ўгирмасман.
52Азалий қоидаларингни, эй Эгам, эслайман, Бу қоидаларингдан мен тасалли топаман.
53Фосиқ қонунингдан юз ўгирган, Шу боис мен қаттиқ ғазабланаман.
54Қаерда бошпана қилган бўлмайин, Сенинг фармонларинг қўшиғим бўлди.
55Эй Эгам, тунда ҳам Сени эслайман, Сенинг қонунларингга риоя этаман.
56Бу менга одат бўлган эди, Буйруқларингга риоя қилдим.
57Эй Эгам, Сен менинг хавфсизлигим манбаисан, Каломингга итоат этаман, деб ваъда бераман.
58Жамолингни изладим чин қалбимдан, Меҳрибон бўл менга ваъдангга биноан.
59Йўлларимга диққат қилдим, Шартларинг бўйича қадам босаман.
60Мен шошиламан, кечикмасман Амрларингга итоат этмоқ учун.
61Фосиқлар мени арқонлар билан боғлайди, Шунда ҳам Сенинг қонунингни унутмайман.
62Ярим тунда уйғониб, одил қоидаларинг учун Сенга ҳамду сано айтаман.
63Сендан қўрққанларга мен дўстман, Буйруқларингга риоя қилганларга шерикман.
64Эй Эгам, содиқ севгингдан замин тўлгандир, Фармонларингни менга ўргат.
65Эй Эгам, Ўзинг берган ваъдангга мувофиқ Мен, Ўз қулингга яхшилик қилдинг.
66Менга донолик, зукколик бергин, Сенинг амрларингга ишондим.
67Жазо олмасимдан олдин адашар эдим, Энди Сенинг сўзингга итоат этаман.
68Нақадар яхшисан, эзгулик қиласан, Фармонларингни менга ўргатгин.
69Такаббур ёлғон сўйлаб, мени қорага чаплар, Мен эса чин қалбдан буйруқларингга итоат этаман.
70Уларнинг қалбини ёғ боғлаган, Мен эса қонунингдан лаззат оламан.
71Тортган жазоим менга сабоқ бўлди, Шу орқали фармонларингни ўргандим.
72Минглаб кумуш, олтин бўлакларидан кўра, Яхшидир мен учун оғзингдан чиққан қонун.
73Қўлларинг мени яратган, барпо қилган, Амрларингни ўрганишга менга идрок бергин.
74Сендан қўрққанлар мени кўриб, севинсинлар, Зотан, Сенинг каломингга умид қилганман.
75Эй Эгам, ҳукмларинг адолатлилигини биламан, Менга жазо берганингда, Сен ҳақ эдинг.
76Мен, Ўз қулингга берган ваъдангга кўра, Содиқ севгинг менга тасалли бўлсин.
77Менга шафқат қилгин, токи яшайин, Ахир, Сенинг қонунинг мен учун лаззат.
78Ёлғон гапириб, менга зарар қилгани учун Такаббурлар шарманда бўлсин. Мен эса буйруқларинг ҳақида фикр юритаман.
79Мен томон келсин Сендан қўрққанлар, Сенинг шартларингни биладиганлар.
80Фармонларингни битта қолмай бажарай, Токи мен шарманда бўлиб қолмай.
81Нажотингни кутиб, жоним адо бўлмоқда, Сенинг каломингдан умид қилмоқдаман.
82Ваъдаларингни кутиб, кўзимнинг нури сўнади, “Қачон менга тасалли берасан?” дея сўрайман.
83Тутунда қорайиб, бужмайган мешдай [3] бўлсам ҳам, Сенинг фармонларингни мен унутмаганман.
84Мен, Сенинг қулинг қачонгача кутишим керак? Мени таъқиб қилувчиларни қачон ҳукм қиласан?
85Такаббурлар менга чуқур қазирлар, Сенинг қонунингга улар қарши чиқарлар.
86Ҳамма амрларинг умидбахшдир. Мени сабабсиз таъқиб этарлар, ёрдам бер!
87Улар мени ер юзидан йўқ қилай, деди, Аммо буйруқларингни мен тарк этмадим.
88Содиқ севгинг ҳақи сақла ҳаётимни, Токи оғзингдан чиққан шартларга риоя қилай.
89Каломинг, эй Эгам, то абаддир, У самоларда мустаҳкам туради.
90Сенинг садоқатинг насллар оша давом этади, Ерни барқарор қилгансан, у то абад тураверади.
91Қоидаларинг туфайли Еру осмон бугун ҳам мустаҳкамдир, Бутун олам қўлинг остидадир.
92Агар қонунинг мен учун лаззат бўлмасайди, Тортган ғаму кулфатларимдан тамом бўлардим.
93Мен буйруқларингни ҳеч қачон унутмайман, Булар орқали Сен ҳаётимни сақлагансан.
94Мен Сеникидирман, мени қутқаргин, Зотан, мен буйруқларингни бажаришга интилганман.
95Фосиқлар мени ўлдиришга пайт пойлайди, Мен эса шартларинг ҳақида чуқур фикр юритаман.
96Жамики комилликнинг чекланганини кўрдим, Сенинг амрларинг эса чегарасиздир.
97О, нақадар севаман қонунингни! Кун бўйи хаёлимда тутаман уни.
98Амрларинг мени ғанимларимдан кўпроқ доно қилди, Амрларинг доимо мен билан бирга.
99Барча устозларимдан ҳам зийракроқ бўлдим, Сенинг шартларинг устида фикр юритаман.
100Ёши улуғлардан ҳам донороқ бўлдим, Чунки Сенинг буйруқларингга итоат этдим.
101Ҳар қандай ёмон йўлдан қадамимни тийдим, Токи Сенинг каломингга итоат этай дедим.
102Қоидаларингдан мен қайтмадим, Менга Ўзинг таълим бергансан.
103Сўзларинг мен учун нақадар мазалидир, Асалдан ҳам ширин туюлар оғзимга.
104Буйруқларинг туфайли мен доно бўламан, Ҳар қандай ёлғон йўлдан нафратланаман.
105Сенинг каломинг қадамларим учун чироқдир, Йўлимга нур сочадиган ёруғликдир.
106Адолатли қоидаларингни бажарай, деб Онт ичиб, онтимни мустаҳкам қилдим.
107Эй Эгам, мен кўп жафо чекдим, Ваъдангга кўра, ҳаётимни сақла.
108Эй Эгам, мақтов назрларимни қабул этгин, Менга қоидаларингни ўргатгин.
109Ҳаётим ҳар он хавфда бўлса ҳам, Сенинг қонунингни мен унутмайман.
110Фосиқлар менга тузоқ қўйдилар, Шунда ҳам буйруқларингдан оғиб кетмадим.
111Сенинг шартларинг то абад менинг мулкимдир, Шартларинг қалбимнинг қувончидир.
112Фармонларингни то абад ижро этмоққа Юрагимни мойил қилдим.
113Иккиюзламачилардан мен нафратланаман, Сенинг қонунингни севаман.
114Сен менинг паноҳимсан, қалқонимсан, Сенинг каломингга умид боғлайман.
115“Эй бадкирдорлар, йўқолинг кўз олдимдан, Мен Худойимнинг амрларини бажарай”, деб айтаман.
116Ваъдангга кўра, менга таянч бўл, токи яшайин, Умидим пучга чиқмасин, шарманда бўлмайин.
117Суянчиқ бўл менга, токи нажот топайин, Фармонларингга доим диққат билан боқайин.
118Фармонларингдан тойганларни рад этдинг, Уларнинг ҳийлаю найранглари беҳудадир.
119Ер юзидаги жамики фосиқларни Ахлатдай улоқтириб ташлайсан, Шу боис мен шартларингни севаман.
120Сендан қўрққанимдан вужудим титрайди, Ҳукмларингдан мени ваҳима босади.
121Адолатли, тўғри ишлар қилганман, Мени золимлар қўлида қолдирма.
122Мен, қулингнинг бахтига кафолат бергин, Такаббурлар мени эзишларига йўл қўймагин.
123Нажотингни қидириб, кўзларим толди, Ваъда қилган нажотинг учун кўзим нури тўкилди.
124Мен, Ўз қулингга содиқ севгингни кўрсатгин, Фармонларингни менга ўргатгин.
125Сенинг қулингман, менга идрок бергин, Токи мен шартларингни билиб олайин.
126Эй Эгам, вақти келди, Ўз ишингни қил, Сенинг қонунинг бузилди.
127Чиндан ҳам Сенинг амрларингни Олтиндан, энг соф олтиндан ҳам кўпроқ севаман.
128Сенинг буйруқларингга кўра, қадам босаман, Ҳар қандай ёлғон йўлдан нафрат этаман.
129Сенинг шартларинг ажойибдир, Шу боис уларга итоат этаман.
130Каломингнинг таълимоти зиё сочади, Соддаларга ақл–идрок беради.
131Оғзим очилиб, оғир нафас оламан, Чунки Сенинг амрларингга жуда интиламан.
132Сени севгучиларга ҳар доим қилганингдек Мен томон юз бур, шафқат қилгин.
133Ваъдангга кўра, қадамларимни собит қил, Ҳеч қачон устимдан гуноҳ ҳукмрон бўлмасин.
134Инсон зулмидан мени қутқаргин, Токи Сенинг буйруқларингга итоат этайин.
135Жамолинг менга нурларини сочсин, Фармонларингни менга ўргатгин.
136Кўзларимдан ёшлар дарё бўлиб қуйилар, Ахир, одамлар қонунингга риоя қилмаяпти.
137Сен одилсан, эй Эгам, Ҳукмларинг адолатлидир.
138Адолат ила шартларингни буюргансан, Тамомила ишончлидир шартларинг.
139Ғазабим мени адо қилмоқда, Душманларим каломингни рад этмоқда.
140Ваъдаларинг нақадар софдир! Мен ваъдаларингни нақадар севаман!
141Мен кераксизман, хўрланганман, Буйруқларингни унутмайман.
142Сенинг адолатинг мангудир, Сенинг қонунинг ҳақиқатдир.
143Бошимга кулфату азоб келди, Амрларинг менга завқ берар.
144Шартларинг то абад адолатлидир, Идрок бергин менга, токи яшайин.
145Эй Эгам, чин кўнгилдан ёлвораман, жавоб бер, Фармонларингга риоя қиламан.
146Сенга фарёд қиламан, мени қутқаргин, Токи шартларингга мен риоя қилай.
147Кун чиқмасдан Сендан мадад сўраб фарёд қиламан, Сенинг каломингга мен умид боғлайман.
148Сенинг ваъдангни чуқур англай, деб Кўзларимга тун бўйи уйқу келмайди.
149Содиқ севгингга кўра, овозимни эшитгин, Эй Эгам, адолатинг билан ҳаётимни сақлагин.
150Қабиҳ режа тузадиганлар яқин келмоқда, Улар қонунингдан узоқда юради.
151Сен эса, эй Эгам, яқиндасан, Ҳамма амрларинг ҳақиқатдир.
152Шартларингни то абад тайинлаганингни Азалда уларнинг ўзидан билиб олдим.
153Азобларимга қарагин, мени қутқаргин, Ахир, мен Сенинг қонунингни унутмадим.
154Менинг даъвоимни исбот қил, мени қутқар, Ваъдангга кўра, ҳаётимни сақла.
155Фосиқдан нажот узоқдадир, Сенинг фармонларингни улар изламаслар.
156Эй Эгам, шафқатинг буюкдир, Адолатинг билан ҳаётимни сақла.
157Мени таъқиб қилувчи душманларим кўп, Мен шартларингдан юз ўгирмайман.
158Маккорларга нафрат ила қарайман, Улар Сенинг амрларингга риоя қилмайди.
159Қарагин, нақадар севаман буйруқларингни, Содиқ севгингга кўра, сақлагин ҳаётимни.
160Каломинг моҳияти ҳақиқатдир, Адолатли қоидаларинг то абад давом этади.
161Ҳукмдорлар мени сабабсиз таъқиб қилар, Юрагим каломингдан қўрқиб титраб турар.
162Худди улкан хазина топган одамдай, Сенинг сўзингдан шод бўламан.
163Ёлғондан нафратланиб, жирканаман, Сенинг қонунингни эса севаман.
164Сенинг адолатли қоидаларинг туфайли Етти марта кунига Сени мадҳ қиламан.
165Қонунингни севганлар буюк тинчликка етар, Ҳеч нарса уларга тўсиқ бўла олмайди.
166Эй Эгам, мен нажотингга умид қиламан, Мен Сенинг амрларингни бажараман.
167Шартларингга итоат этаман, Мен уларни ғоятда севаман.
168Буйруқ, шартларингга риоя қиламан, Ҳамма йўлларим Сенга маълумдир.
169Эй Эгам, оҳу нолам етсин Сенга, Идрок бергин менга, каломингга кўра.
170Илтижоим етиб борсин Сенга, Ўзинг берган ваъдангга кўра, мени қутқар.
171Лабларимдан ҳамду сано тўлиб–тошсин, Менга ўргатасан фармонларингни.
172Тилим куйлайди Сенинг ваъдангни, Зотан, адолатлидир барча амрларинг.
173Менга ёрдамга тайёр тургин, Зотан танлаганман мен буйруқларингни.
174Эй Эгам, нажотингга талпинаман, Сенинг қонунингдан лаззат топаман.
175Умр бер менга, ҳамду сано айтайин Сенга, Қоидаларинг ёрдам берсин менга.
176Адашган қўйдай йўлдан озганман, Излаб топ мени, Ўз қулингни. Зотан, мен амрларингни унутмаганман.