1Зиёрат қўшиғи. [1] Исроил шундай деб айтсин: “Улар ёшлигимдан менга кўп зулм ўтказиб келди.
2Ҳа, ёшлигимдан менга зулм ўтказиб келган, Аммо мени енга олмаганлар.
3Гўё қўшчилар кифтимга қўш солиб, Жўякларини узун қилгандай бўлди.
4Эгамиз адолатпарвардир, Фосиқларнинг арқонини қирқиб, мени озод қилди.”
5Қуддусдан [1] нафратланганларнинг ҳаммаси Шарманда бўлиб, ортига қайтсин.
6Том устидаги ўтларга [2] ўхшасин улар, Ўсмасдан олдин қуриб қолсинлар.
7Бундай ўтга ўроқчиларнинг ҳовучи тўлмайди, Боғловчиларнинг қучоғи тўлмайди.
8Ўтган–кетганлар уларга: “Эгамиз сизларга барака берсин, Эгамиз номи билан сизларни дуо қиламиз!” деб айтмасин.