Забур 137:1-8 UZV2013 - Bible AI

1Довуд саноси. [1] Эй Эгам, чин дилдан Сенга шукрона айтаман, Фаришталар [1] олдида Сенинг мадҳингни куйлайман.

2Муқаддас Маъбадинг олдида сажда қиламан, Содиқ севгинг, садоқатинг учун Ўзингга шукрона айтаман, Номингни ҳам, сўзингни ҳам ҳар нарсадан юқори қўйгансан.

3Чақирганимда, менга жавоб бергансан, Қудратинг билан мени жасур қилгансан.

4Эй Эгам, замин шоҳлари Сенга шукр айтади, Оғзингдан чиққан сўзларни улар эшитганлар.

5Эй Эгам, қилганларингни улар куйласинлар! Сенинг шуҳратинг буюкдир!

6Гарчи Сен юксак бўлсанг–да, хор бўлганларга боқасан, Киборларни Сен узоқдан ҳам биласан.

7Кулфатда юрсам ҳам, душманларим ғазабидан сақлайсан, Ўнг қўлингни узатиб, мени қутқарасан.

8Эй Эгам, мен учун қасос оласан [2]. Содиқ севгинг то абад давом этар, Ўзинг яратганларни тарк этмагин.