Забур 19:1-10 UZV2013 - Bible AI

1Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

2Кулфатда қолганингда, Эгамиз жавоб берсин, Бобомиз Ёқубнинг Худоси сени тинч–омон сақласин.

3Муқаддас масканидан У сенга мадад юборсин, Қуддусдан [1] У сенга таянч бўлсин.

4У сенинг ҳамма назрларингни ёдда тутсин, Куйдирилган қурбонликларингни қабул этсин.

5Кўнглинг истаганини Эгамиз сенга инъом қилсин, Ҳамма режаларингни рўёбга чиқарсин.

6Шунда биз зафарингни севинч ила куйлаймиз, Худойимиз номи билан байроқлар ўрнатамиз, Ҳамма илтижоларингни Эгамиз рўёбга чиқарсин.

7Биламан, Эгамиз Ўзи танлаган шоҳга нажот беради, Эгамиз муқаддас самосидан унга жавоб беради, Эгамиз ўнг қўли билан унга буюк ғалаба ато қилади.

8Баъзилар жанг араваларига ишонади, Баъзилар отлари билан мақтанади, Биз эса Эгамиз Худога ишонамиз.

9Улар ҳолсизланиб йиқиладилар, Биз эса кучайиб қад ростлаймиз.

10Эй Эгам, шоҳимизга ато қилгин ғалаба, Илтижо қилганимизда, жавоб бергин бизга [2].