1Нега қутуради халқлар?! Нега беҳуда фитна қилади элатлар?!
2Замин шоҳлари Эгамизга, Ва У танлаган шоҳга қарши саф тортадилар. Ҳукмдорлар фитна қўзғаб, шундай дейдилар:
3“Синдирайлик улар солган кишанларни, Олиб ташлайлик бўйнимиздан сиртмоқларни.”
4Осмонда ҳукмрон бўлган Раббий эса Уларни масхаралаб, устидан кулади.
5Раббий ғазаб билан уларни огоҳ этади, Қаҳрини сочиб, ваҳимага солиб айтади:
6“Мен Сионга [1], Ўзимнинг муқаддас тепалигимга Ўзимнинг шоҳимни жойлаштирдим.”
7Эгамизнинг сўзларини шоҳ эълон қилмоқда: “Эгамиз менга шундай деди: ‘Сен Менинг ўғлимсан, Бугун Мен сенга Ота бўлдим [2].
8Тила, халқларни сенга мулк қилиб бераман, Ернинг тўрт томони сеники бўлади.
9Темир хивчин ила уларни уриб эзасан [3], Сопол кўзани синдиргандай уларни парчалайсан.’”
10Эй шоҳлар! Энди ақл билан иш қилинг. Эй замин ҳукмдорлари! Огоҳ бўлинг.
11Қўрқув ила Эгамизга сажда қилинг! Ваҳима ила тавба қилинг! [4]
12Унинг ўғлига [5] таъзим қилинг, Бўлмаса У ғазабланади, Йўлингизда йўқ бўлиб кетасиз, Унинг ғазаби тез аланга олади.
12 Нақадар бахтлидир Унда паноҳ топганлар!