Забур 21:1-32 UZV2013 - Bible AI

1Ижрочилар раҳбарига. “Тонгда чиққан кийик” куйига айтилган. Довуд саноси.

2Эй Худойим! Нега мени тарк этдинг?! Нега мендан узоқдасан шу қадар?! Эй Худойим! Нечун менга нажот бермайсан?! Оҳу нолаларимни эшитмайсан?!

3Эй Худойим, кун бўйи илтижо қиламан, Сен эса жавоб бермайсан. Тун бўйи ёлвораман, Аммо менга тинчлик йўқ.

4Барибир Сен муқаддас Худосан, Исроилнинг ҳамду саноси қуршаб олган тахтингни.

5Ота–боболаримнинг умиди Сенда эди, Сен уларга нажот бердинг.

6Улар Сенга нола қилиб, нажот топдилар, Улар Сенга ишониб, уялиб қолмадилар.

7Ахир, мен инсон эмас, бир қуртдирман. Одамлар ҳазар қилган, халқлар нафратланган.

8Мени кўрган ҳар ким устимдан кулар, Мени ҳақоратлаб, бош чайқаб дерлар:

9“Эгангга ишон, Ўзи қутқариб олар, Эганг сендан мамнун бўлса, У нажот берар.”

10Сен эдинг онам қорнидан мени чиқарган, Сен эдинг онам бағрида мени омон сақлаган.

11Сенга таянаман туғилганимдан буён, Менинг Худойимсан онам дунёга келтиргандан буён.

12Мендан узоқ бўлмагин! Ахир, кулфат ёнгинамда–ку, Менга мадад бергувчи бирон кимса йўқ!

13Бир гала буқалар [1] Мени қуршаб олган, Ҳа, Башан ерларининг [2] кучли буқалари Мени ўраб олган.

14Ўкириб ўлжасини пора қиладиган шерга ўхшаб, Мен томон улар оғизларини катта очган.

15Ҳаётим сув каби тўкилди, Суякларим бўғинидан бўшашди, Юрагим мум каби ичимда эриб кетди.

16Мадорим сопол парчасидай қуриди, Тилим танглайимга ёпишиб қолди, Мени ўлим тўшагига ётқиздинг.

17Атрофимда кўппаклар изғийди, Бадкирдорлар тўдаси қуршаб олгандир, Қўлу оёқларимни илма–тешик қилади [3].

18Ҳамма суякларим кўриниб туради, Душманларим кўзларини чақчайтириб, Еб қўйгудек бўлади.

19Кийимларимни ўзаро улар бўлишган, Либосим учун қуръа ташлашган.

20Мендан узоқ турма, эй Эгам! Кучим манбаи Сенсан! Тез кел, ёрдам бер!

21Жонимни қилич дамидан қутқар, Ҳаётимни кўппаклар чангалидан қутқар!

22Шерлар оғзидан қутқаргин мени! Ёввойи буқалар шохидан асрагин мени!

22 Сен илтижоимга жавоб бердинг.

23Биродарларимга Сен ҳақингда айтаман, Жамоа орасида Сенга ҳамду сано ўқийман.

24Уларга шундай дейман: Эгамизга ҳамду сано айтинг, эй Ундан қўрққанлар! Эгамизни улуғланг, эй Ёқуб насли! Эгамизни иззатланг, эй Исроил насли!

25Кулфатда қолганнинг қайғуларидан Эгамиз нафратланмаган ё ҳазар қилмаган. Балки ундан юз ўгирмасдан, Нола қилганда, Эгамиз эшитган.”

26Улуғ жамоа ичра Ҳамду сано айтишимнинг сабаби Сенсан. Сендан қўрққанлар олдида онтимни адо этаман.

27Эй Эгам, қашшоқлар еб тўядилар [4], Сенга юз бурганлар Сени мадҳ қиладилар, Улар дунё тургунча турсинлар!

28Эгамизни эслаб, Унга юз бурсинлар Ер юзидаги жамики инсонлар! Жамики уруғу элатлар Унга сажда қилсинлар!

29Эгамиз ҳокими мутлақдир, Элатлар устидан У ҳукмрондир.

30Жамики бойлар ҳам зиёфат еб, унга таъзим қилади. Тупроқ остига кетаётганлар ҳам Унга сажда қилади, Ҳатто ўз ҳаётини сақлай олмайдиганлар таъзим қилади.

31Авлодлар Унга хизмат қилади, Келгуси насллар Раббий ҳақида эшитади.

32Улар келиб Эгамизнинг нажоти ҳақида эълон қилади, Унинг қилганларини ҳали туғилмаган халқларга айтади.