Забур 23:1-10 UZV2013 - Bible AI

1Довуд саноси. [1] Эгамизникидир замин, ундаги бутун борлиқ, Оламу унда яшовчи жамики жонзот.

2У оламни ўрнатган денгизлар узра, Мустаҳкам қилган уни уммонлар узра [1].

3Ким туриши мумкин Эгамизнинг муқаддас маконида? Ким чиқиши мумкин Унинг тепалигига? [2]

4Қўли ҳалол, қалби тоза инсонлар, Сохта нарсаларга кўнгил қўймаганлар, Ёлғондакам онт ичмаганлар.

5Эгамиз уларга барака беради, Нажоткор Худо уларни оқлайди.

6Эгамизга юз бурган жамоа ўшандайдир. Ҳа, Худога интилган Ёқуб насли [3] шундайдир.

7Қаддингизни ростланг, эй дарвозалар! Очилинглар, эй азалий эшиклар! Токи кира қолсин улуғвор Шоҳ!

8У улуғвор Шоҳ ким экан? Кучли, қудратли Эгамиз, Жангларда қудратли Эгамиз, У Шоҳдир!

9Қаддингизни ростланг, эй дарвозалар! Очилинглар, эй азалий эшиклар! Токи кира қолсин улуғвор Шоҳ!

10У улуғвор Шоҳ ким экан? Сарвари Оламдир У. Унинг Ўзи улуғвор Шоҳдир.