1Ўғли Абсаломдан қочаётган пайтда Довуднинг айтган саноси.
2Эй Эгам! Ғанимларим нақадар кўпдир! Менга қарши қўзғалганлар қанчалар кўпдир!
3Кўплар мен ҳақимда: “Худодан унга нажот йўқ”, — деб айтадилар.
4Эй Эгам, Менинг қалқонимсан! Шуҳратим Сенсан! Сен бошимни юксалтирасан.
5Эгамиздан мадад сўраб қиламан фарёд, Муқаддас тепалигидан [1] У менга беради жавоб.
6Эгамиз мени ҳимоя этгани учун Ётиб ухлаб, яна уйғонаман.
7Ҳар томондан мени қуршаб турган Ўн мингларча ғанимларимдан қўрқмасман.
8Қўзғалгин, эй Эгам! Нажот бер, эй Худойим! Ҳамма ғанимларимнинг юзларига урасан, Қабиҳларнинг тишларини синдирасан.
9Эй Эгам! Нажот сендан келади! Баракаларинг халқингга келсин!