1Довуд саноси. Бизни Эгамизнинг ёдига солиш учун айтилган.
2Эй Эгам! Ғазаб билан менга танбеҳ бермагин, Қаҳринг сочиб, менга жазо бермагин.
3Ўқларинг ичларимни тешиб ўтди, Қўлларинг устимга босиб тушди.
4Бутун танам хастадир ғазабингдан, Соғлигим йўқолган гуноҳларим дастидан.
5Айбларим мени жуда ҳам эзади, Улар жуда оғир юкка ўхшайди.
6Ақлсизлигим [1] дастидан Яраларим сасиб, йиринглаб оқяпти.
7Жуда эгилиб, букчайиб қолдим, Кун бўйи ғамгин юраман.
8Ичим иситмадан оташ бўлиб ёнмоқда, Танамда биронта соғ жой йўқ.
9Силлам қуриб, тамом эзилдим, Юракдаги аламдан нола қиламан.
10Юрагим тубидаги истакларим Эй Раббий, Ўзингга равшан, Оҳу нолам Сендан яширин эмас.
11Юрагим титрайди, қувватим кетди, Кўзларимнинг нури адойи тамом бўлди.
12Дўст–ёронларим дардим туфайли олдимдан қочади, Туғишганларим асло ёнимга келмайди.
13Жонимга қасд қилганлар менга тузоқ қўяди, Менга зарар истаганлар кулфатдан сўз очади, Кун бўйи ёлғон сўйлаб, фитна қилади.
14Мен эса карга ўхшайман, эшитмайман, Соқовга ўхшайман, гапира олмайман.
15Чиндан ҳам мен соқовга ўхшайман, Тили қотиб қолган одамдайман.
16Эй Эгам, Умидим ёлғиз Сенсан, Эй Эгам Худо, жавоб берадиган Сенсан.
17Эй Эгам: “Ҳолимни кўриб, душманларим шодланмасин, Оёқларим қоқилганда, ўзларини катта тутмасин”, дея Сенга ибодат қилдим.
18Ўзим ҳам йиқилай, деб турибман, Муттасил азоб чекаётирман.
19Қилган эгриликларим учун тавба қиламан, Гуноҳларим учун ташвиш тортаман.
20Ашаддий душманларим кўпдир, Сабабсиз мендан нафрат этувчилар сон–саноқсиз.
21Улар яхшилигимга ёмонлик ила жавоб беради, Эзгулик ишларим учун мени иғво қилади.
22Эй Эгам, мени асло тарк этмагин, Эй Худойим, мендан узоқ кетмагин.
23Менга ёрдам бергани шошилгин, Эй менинг нажоткорим — Раббий!