Забур 41:1-12 UZV2013 - Bible AI

1Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг [1] қасидаси.

2Кийик ҳарсиллаб талпингандай сув ирмоқларига, Эй Худо, жоним ҳам Сенга талпинади!

3Жоним ташна Худога, барҳаёт Худога, Қачон бориб, Унинг ҳузурида ҳозир бўламан?

4Озиғимдир кечаю кундуз кўз ёшларим, “Қани Худойинг?” дея масхара қилар одамлар доим.

5Шодлик ҳайқириқларию ҳамду санолар остида Жамоа билан бирга Худонинг уйига борардим. Байрам нишонлагани оломон билан борардим. Шуларни эслаб, юрагим пора–пора бўлмоқда.

6Нега тушкунликка тушасан, эй жоним? Нега беҳаловат бўласан ичимда? Худога умид боғла! Шукр этаман Яна Унга — нажоткорим,

7Худойимга.
Шу боис, эй Худо, Сени Иордан диёридан, Хермон [2] тизмасидан, Мизор тоғидан [3] туриб эслайман.

7Тушкунликка тушиб кетганман.

8Ўкираётган денгизлардай, Гувиллаётган шаршаралардай Сен юборган қайғу тўлқинлари Ўтгандилар устимдан босиб.

9Кундузи Эгам содиқ севгисини кўрсатади, Тунлари У менга қўшиқ беради, Менга умр берган Худога ибодат қиламан.

10Худога, суянган Қоямга айтаман: “Нега мени унутиб қўйдинг Сен?! Не учун ғамга ботиб юрмоғим керак Душманларим сиқуви сабабидан?!”

11Душманларим ҳақоратидан суякларим зирқирайди, Улар муттасил мендан: “Қани Худойинг?!” дея сўрайди.

12Нега тушкунликка тушасан, эй жоним? Нега беҳаловат бўласан ичимда? Худога умид боғла! Шукр этаман Яна Унга — нажоткорим, Худойимга.