1Ижрочилар раҳбарига. “Нилуфар” куйига айтилган. Кўрах наслининг [1] қасидаси. Тўй қўшиғи.
2Шоҳимга шеърларимни бағишлайман, Юрагимдан гўзал сўзлар тўкилади, Тилим моҳир котиб қаламига ўхшайди.
3Эй шоҳим! Инсонлар орасида жуда чиройлисан. Худо сенга то абад барака бергани учун Лабларингдан латиф сўзлар ёғилади.
4Эй қудратли шоҳ, белингга боғла қиличингни, Ҳашамату улуғворлигинг билан зоҳир бўлгин.
5Улуғворлик билан олға бос! Ҳақиқат, камтарлик, адолат учун ғалаба қил! Ўнг қўлинг қўрқинчли ишлар кўрсатсин.
6Ғанимларингнинг юрагини Ўткир ўқларинг тешиб ўтади. Халқлар оёғинг остига йиқилади.
7Худо берган тахтинг [2] абадийдир, Адолат ҳассаси шоҳлигинг ҳассасидир.
8Сен солиҳликни севасан, қабиҳликдан нафрат этасан. Шу боис Худо сени дўстларингдан устун қилди, Ҳа, Худойинг шодлик мойини сенга суртди.
9Либосингдан мирра, сабур, долчиннинг Хушбўй ҳидлари уфурар. Фил суяги билан безатилган саройларда Чолғу наволари сени шод қилар.
10Шоҳ қизлари иззатли хонимларинг орасидадир, Офир [3] олтинига безанган малика ўнг қўлингда ўтирар.
11Тингла, эй қиз, қулоқ солиб, ўйлагин, Халқинг, отанг хонадонин унутгин.
12Жамолингга шоҳ мафтун бўлгандир, Таъзим қил унга, у хўжайинингдир.
13Тир [4] халқи ҳадялар олиб келади, Бойлар сендан марҳамат истайди.
14Саройда малика нақадар гўзал! Либослари олтин билан безатилган.
15Нақшли либосида уни шоҳ ҳузурига олиб келишади, Ортидан қизлар, унинг дугоналари эргашиб келади.
16Улар шод–хуррамлик ичра келади, Шоҳнинг саройига улар кириб келади.
17Эй шоҳим, ўғилларинг олгайлар оталаринг ўрнини, Бутун юртда шаҳзодалар қилгайсан сен уларни.
18Қўшиғим туфайли номинг насллар оша яшар, Шу боис халқлар сени то абад мадҳ этарлар.