Забур 47:1-15 UZV2013 - Bible AI

1Кўрах наслининг [1] саноси. Қўшиқ.

2Эгамиз буюкдир! Эгамизнинг шаҳрида, Ҳа, Ўзининг муқаддас тоғида [2] Эгамиз мадҳияларга лойиқдир!

3Худонинг муқаддас тоғи юксак ва гўзалдир, Бутун ер юзига шодлик олиб келадир! Буюк Шоҳнинг шаҳридаги, Унинг шимолидаги [3]Сион тоғи! [4]

4Худо Қуддуснинг қўрғони ичида туради, Унинг қалъаси бўлиб, Ўзини намоён этган.

5Шоҳлар тўпландилар, Биргалашиб Сион тоғига қарши юрдилар.

6Уни кўрдилар–у, шошиб қолдилар, Ваҳимага тушиб, қочиб қолдилар.

7Туғаётган хотин тортгандай дард Ўша ерда уларни титроқ босди.

8Шарқдан шамол эсиб, Таршиш [5] кемаларини парчалагандай, Сен уларни қириб ташладинг.

9Худо нима қилганини биз эшитдик. Нима эшитган бўлсак, энди ўшани Худойимиз, Сарвари Оламнинг шаҳрида кўрдик. Бу шаҳарни Худо то абад сақлар.

10Эй Худо, Маъбадинг ичида Содиқ севгинг ҳақида ўйлаймиз.

11Эй Худо, мадҳинг ҳам донғинг каби Ернинг тўрт томонига ёйилган, Ўнг қўлинг адолат ила тўлиб–тошган.

12Сенинг ҳукмларингдан Сион тоғи шод бўлсин, Яҳудо шаҳарлари севинсин!

13Эй Исроил халқи, Қуддус [6] теварагида юринг. Атрофида айланиб, Унинг минораларини санаб чиқинг.

14Сионнинг истеҳкомларига эътибор беринг, Унинг қўрғонларига қаранг! Буларни кўриб, келгуси авлодларга ҳикоя қилинг:

15“Худо ўша истеҳкомларга ўхшайди. У то абад бизнинг Худойимиздир, У то абад бизнинг йўлбошчимиз бўлади.”