1[1-2] Ижрочилар раҳбарига. Эдомлик Доег Шоулнинг олдига бориб: “Довуд Охималекнинг уйига кирибди”, деб хабар берган пайтда [1] Довуднинг айтган қасидаси.
3Нечун мақтанасан ёвузлигинг ила, эй зўравон?! Худонинг содиқлиги доим мен билан, ахир!
4Бало келтираман, дея режа қиласан, Ўткир устарага ўхшайди тилинг. Алдашга сен моҳирсан.
5Эзгуликдан кўра, ёвузликни ёқтирасан, Ҳақиқатни сўйлашдан кўра, ёлғонни афзал биласан.
6Ҳалок қиладиган сўзларни яхши кўрасан, Ёлғончи тилни севасан.
7Худо эса сени то абад вайрон қилади, Сени ушлаб, чодирингдан тортиб чиқаради, Тириклар юртидан йўқ қилиб ташлайди.
8Солиҳлар буни кўриб, қўрқади, Фосиқнинг устидан кулади:
9“Қаранг, ўша одам Худони паноҳим деб билмади, Мўл–кўл бойлигига умид боғлади, Бошқаларни қириш туфайли кучайди.”
10Мен–чи, ўхшайман Худонинг уйидаги Кўм–кўк зайтун дарахтига. Худонинг содиқ севгисига Мен то абад умидимни боғлайман.
11Эй Худо, Сенинг ҳамма қилганларинг учун Сенга то абад шукр айтаман. Тақводорларингнинг ҳузурида Сенга умид боғлайман, Ахир, Ўзинг яхшисан!