1Ижрочилар раҳбарига. “Қайғу–алам” куйига айтилган. Довуд қасидаси.
2Аҳмоқлар [1] ўз кўнглида: “Худо йўқ”, дейди. Улар бузуқлардир, қилмиши жирканч ишлардир, Яхшилик қилувчи бирон зот йўқдир.
3“Идрокли бирон зот бормикан? Бормикан Менга юз бурган”, дея Инсонга Худо осмондан боқар.
4Ҳаммаси йўлдан озган, бирдай бузилган, Яхшилик қилувчи бир кимса йўқдир, Ҳатто биронта ҳам йўқ!
5Улар идроксиз, бадкирдор, Халқимни бир луқма нондай еб юборади, Ҳеч қачон Худога сажда қилмайди.
6Ана, босаётир уларни қаттиқ ваҳима, Бунақасини илгари кўрмаган улар. Худо сочиб ташлар ғанимларингнинг суякларини. Ахир, Худо рад этган уларни! Шу боис, эй Исроил, сен уларни шарманда қилгансан.
7Эҳ, Қуддусдан [2] Исроилга нажот келсайди! Худо Ўз халқини яна фаровонликка эриштирса, Ёқуб насли шод бўлгай, Исроил севингай!