Забур 54:1-24 UZV2013 - Bible AI

1Ижрочилар раҳбарига. Торли асбоблар жўрлигида. Довуд қасидаси.

2Ибодатимга қулоқ сол, эй Худо, Илтижоимни эътиборсиз қолдирма.

3[3-4] Эшит мени, жавоб бер, Душманларим дағдағаси, фосиқларнинг сиқуви Бошимга ғам–кулфат келтиради. Улар ғазабланиб, мендан нафратланади. Эҳ, ўйларим қийнар мени, Бошимдан учган ақлим.

5Юрагим ҳасратга тўладир, Ўлим ваҳимаси мени босиб келадир.

6Қўрқув, титроқ менга келмоқда, Даҳшат мени эзиб бормоқда.

7“Қанийди каптар каби қанотим бўлса”, дедим, “Учиб кетиб, ором олган бўлардим.

8Ҳақиқатан, узоқларга учиб қутулардим, Саҳрода макон қилган бўлардим.

9Қутурган шамолу бўрондан қочиб, Ўзимга бошпана топгани шошилган бўлардим.”

10Эй Раббий, уларни чалғит, Уларнинг гапларини чалкаштир. Шаҳарда зўравонлик, жанжални кўриб турибман.

11Улар кеча–кундуз шаҳар девори устида изғийди, Ёвузлик, ваҳима шаҳар ичида юз бермоқда.

12Шаҳарнинг ўртасида бузғунчилик, Кўчаларидан зулм ва ҳийла аримайди.

13Ғанимларим мени ҳақорат қилганда эди, Бунга бардошим етган бўларди. Душманим ўзини мендан юқори қўйганда эди, Ундан яширинган бўлардим.

14Аммо у менинг тенгим–ку, Яқин дўстим ҳамда ҳамроҳим–ку.

15У билан дилкаш дўст эдик, Эй Худо, Сенинг уйингдаги йиғинда бирга юрардик.

16Уйлари, юраклари фосиқликка тўла бўлгани учун Ғанимларим ўлимга рўбарў бўлсин, Тириклайин ўликлар диёрига [1] тушсин.

17Мен илтижо қиламан Худога, Нажот беради Эгам менга.

18Оқшом, саҳар ҳамда кундуз Дарду фиғонларимни айтаман. Эгам менинг овозимни эшитади.

19Гарчи менга қаршилар кўп бўлса ҳам, Бирорта ҳам зарар етказмай Мени жанглардан қутқаради.

20Азалдан тахтда ўтирган Худо Менга қулоқ тутиб, Йўлларини ўзгартирмагани учун, Худодан қўрқмаганлари учун Душманларимни мағлуб қилади.

21Ҳамроҳим ўз дўстига қарши қўлини кўтарди, Мен билан қилган аҳдига у хиёнат қилди.

22Унинг оғзидан бол томади, Юраги эса адоватга тўла. Сўзлари мойдан ҳам ёқимли, Аслида қиндан чиққан қиличдайдир.

23Ташвишларингни Эгамизга топширгин, У сенга таянч бўлади. Эгамиз ҳеч қачон солиҳнинг йиқилишига йўл қўймайди.

24Эй Худо, фосиқларни Сен Ўликлар диёрига улоқтирасан. Қонхўр, хоин кимсалар асло Умрининг ярмисини ҳам яшамайди. Мен эса Сенга умид боғлайман.