1Ижрочилар раҳбарига. “Узоқдаги жим кабутар” куйига айтилган. Филист халқи Довудни Гат шаҳрида тутиб олганда [1], унинг айтган қўшиғи.
2Шафқат қил менга, эй Худо, Одамлар мени таъқиб қилмоқда, Ғанимларим кун бўйи мени эзмоқда.
3Бўҳтончилар кун бўйи мени таъқиб қилади, Кўплари менга ҳужум қилади, эй Худойи Таоло!
4Қўрққанимда Сенга умид боғлайман.
5Эй Худо, каломингни мадҳ этаман, Қўрқмайман, Сендан умид қиламан, Банданг менга не қила олади?!
6Ғанимларим ҳар доим гапимни бузиб кўрсатади, Менга зарар етказмоқ учун фитналар қилади.
7Ёвуз ниятда ортимдан писиб келади, Ҳар бир қадамимни ўлчаб юради, Улар ҳаётимга чек қўйишни истайди.
8Жиноятлари учун уларни улоқтир [2], Эй Худо, ғазабинг ила уларни ерга ур!
9Сен қайғуларимни ҳисобга олгансан, Кўз ёшларимни идишингга солиб йиғиб қўйгин. Ахир, уларнинг ҳар бири китобингда ёзилган–ку!
10Сенга илтижо қилган куним Душманларим ортга чекинади. Ҳа, биламан, Сен мен томонда.
11Эй Худо, каломингни мадҳ этаман, Ҳа, Эгам, Сенинг каломингни мен мадҳ этаман.
12Сендан умид қиламан, қўрқмайман, Банданг менга не қила олади?!
13Эй Худо, Сенга берган онтимни бажармоғим шарт, Шукрона назрларимни Сенга атайман.
14Жонимни ўлимдан қутқариб қолдинг, Оёғимни қоқилишдан сақладинг. Шу боис, эй Худо, Сенинг олдингда, Ҳаёт нурида юраман.