1Ижрочилар раҳбарига. Саккиз торли асбоб жўрлигида. Довуд саноси.
2Эй Эгам! Ғазаб билан менга танбеҳ бермагин, Қаҳринг сочиб, менга жазо бермагин.
3Эй Эгам, мадорим йўқ, раҳм қил менга, Суякларим зирқирайди хасталикдан, Эй Эгам, шифо бер менга.
4Азоб чекмоқда жоним, Қачонгача куттирасан, эй Эгам, қачонгача?
5Кел энди, эй Эгам, қутқар жонимни, Содиқ севгинг ҳақи озод қил мени.
6Ахир, ўлганда эсламас ҳеч ким Сени, Ўликлар диёрида [1] ким шукр қилар Сенга?!
7Оҳ–воҳ қилавериб чарчадим, Тунлари кўз ёшларим туфайли ўрним ҳўл бўлди, Йиғлаганимдан тўшагим шалаббо бўлади.
8Кўзларим нури сўнди ғамдан, Заифлашди кўзларим душманларим дастидан.
9Йўқолинглар кўзимдан ҳаммангиз, эй бадкирдорлар! Нола–йиғиларимни Эгам эшитди.
10Эгам эшитди менинг илтижоимни, Эгам қабул қилади менинг ибодатимни.
11Жамики душманларим уялиб қолади, Ҳаммаси ваҳимага тушиб қолади, Ўша он шарманда бўлиб, қайтиб кетади.