Забур 62:1-12 UZV2013 - Bible AI

1Яҳудо чўлида бўлганда, Довуднинг айтган саноси.

2Эй Худо, менинг Худойимсан, интиламан Сенга, Қуруқ, толиққан сувсиз тупроқдай Жоним ташнадир Сенга, Вужудим орзуманддир Сенга.

3Муқаддас масканингда Сенга нигоҳ ташладим, Қудратингни, шуҳратингни кўрдим.

4Ҳаётдан афзал Сенинг севгинг, Тилимдан тушмас Сенинг олқишинг.

5Бир умр Сени олқишлайман, Қўлларимни кўтариб, Сенга сажда қиламан.

6Илик билан ёғ егандай жоним мамнун бўлади, Шодиёна қўшиқлар ила Сени мадҳ қиламан.

7Ўрнимда ётиб ҳам, Сени эслайман, Сени ўйлаб, тунни қарши оламан.

8Ўзинг Менинг мададкорим бўлдинг, Қанотларинг соясида севинч ила куйлайман.

9Сенинг ортингдан қолмай эргашаман, Ўнг қўлинг мени маҳкам тутади.

10Жонимнинг пайига тушганлар Ернинг қаърига тушиб йўқ бўлиб кетади.

11Улар қиличнинг дамига йўлиқади, Чиябўриларга ем бўлади.

12Шоҳ эса Худодан севинч топади, Худо номи билан онт ичганлар Уни мадҳ қилади, Ёлғончиларнинг оғзи эса ёпилади.