Забур 67:1-36 UZV2013 - Bible AI

1Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси. Қўшиқ.

2Қўзғалсин Худо, тарқалиб кетсин душманлари, Олдидан қочиб кетсин Ундан нафратланганлар.

3Тутунни шамол тарқатгани каби Худо уларни ҳайдаб юборсин. Мум оловда эригани каби Худо олдида фосиқ ҳалок бўлсин.

4Солиҳлар эса хурсанд бўлсин, Худо олдида шод бўлсин, Улар хурсандликка тўлиб–тошсин.

5Худога ҳамду санолар куйланг, Унинг номини тараннум этинг. У булутларни миниб боради, Уни улуғланг. У Эгамиздир! Ҳузурида шодланинг!

6У Худодир, макони муқаддасдир, Етимларнинг отаси, бевалар ҳимоячисидир.

7Худо ёлғизларни хонадонга жойлаштиради, Асирларни роҳатга, эркинликка олиб чиқади, Исёнкорлар эса қақраган ерга эга бўлади.

8Эй Худо, Ўз халқингнинг олдида борганингда, Саҳро бўйлаб юриш қилганингда, Замин титради, осмон ёмғирини қуйди.

9Эй Синай тоғининг Худоси [1], Сенинг ҳузурингда, Эй Исроил халқининг Худоси, Сенинг олдингда, Замин титради, осмон ёмғирини қуйди.

10Сен, эй Худо, мўл ёмғир бердинг, Толиққан ерингга [2] қайтадан куч ато этдинг.

11Халқинг ўша ерда бошпана топди, Эй Худо, ҳимматингдан муҳтожларни баҳраманд қилдинг.

12Раббийдан амр келади, Аёлларнинг катта жамоаси хушхабарни элтади:

13“Шоҳлару лашкарлар шоша–пиша қочади!” Исроил аёллари чодирларда ўлжани бўлишиб олади!

14Ҳатто уйда қолганлар учун ҳам Бордир кумуш билан қопланган каптар қанотлари, Ялтироқ олтин билан қопланган каптар патлари.

15Қодир Худо шоҳларни тўзғитганда, Залмон тоғига [3] қор ёққандай бўлди.

16Эй Башаннинг тоғи [4], улуғвор тоғ, Эй чўққилари кўп тоғ, Башаннинг тоғи!

17Эй чўққилари кўп тоғ! Худо макон қилиб танлаган тоққа [5] Нега ҳасад билан қарайсан? Эгамиз то абад у ерда истиқомат қилади.

18Худонинг жанг аравалари сон–саноқсиздир, Раббий Синайдан муқаддас маконига келади [6].

19Юксакларга [7] чиқди У, Асирларни ортидан эргаштирди. Халқлардан ҳадялар олди, Ҳатто гуноҳкор исёнчилардан ҳам олди. Ахир, Парвардигор Эгамиз у ерда яшайди!

20Раббийга олқишлар бўлсин, У ҳар кун оғирлигимизни кўтаради. Худо бизнинг нажотимиздир.

21Худойимиз — нажот бергувчи Худо, Эгамиз Раббий ўлимдан қутқаради.

22Худо шубҳасиз душманлар бошини янчади, Гуноҳ йўлидан юрган одамнинг Бош суякларини ҳам эзади.

23Раббий шундай дейди: “Душманларингни Башандан қайтариб келаман, Уларни денгиз тубидан олиб келаман.

24Оёғингни душманларинг қонига ботирасан, Итларинг ҳам душман қонини ялаб, Ўз улушини олади.”

25Эй Худо, зафарли карвонинг кўринмоқда! Менинг Шоҳим, Худойимнинг карвони Муқаддас маконингга бораётгани кўринмоқда!

26Олдинда қўшиқчилар, орқада созандалар, Уларнинг ўртасида чилдирма чалган қизлар куйлар:

27“Олқишлар айтинг Худога буюк жамоа ичра, Ҳамду санолар ўқинг Эгамизга, Эй Исроилнинг манбаидан пайдо бўлганлар!”

28Уларнинг энг кичиги Бенямин қабиласи олдинда келади, Ортидан тўп бўлиб Яҳудо шаҳзодалари келади, Забулун, Нафтали [8] шаҳзодалари уларга эргашади.

29Эй Худо, кўрсатгин қудратингни! [9] Эй Худо, илгаригидай намоён қил кучингни!

30Қуддусдаги Маъбадинг ҳақи–ҳурмати Шоҳлар Сенга ҳадялар келтиради.

31Мисрга, қамишзор орасидаги ўша ёввойи ҳайвонга [10] танбеҳ бер, Халқларга, ўша буқалар подасига, бузоқларига танбеҳ бергин. Сенга таъзим қилиб, кумушларини назр қилишсин. Урушдан лаззатланувчи бу халқларни тўзғитгин.

32Мисрдан бронза келтирилади [11], Ҳабашистон [12] Сенга қўлларин чўзиб, эй Худо, Ўлпон тўлашга шошилиб қолади.

33[33-34] Худони тараннум этинг, эй ер юзи шоҳликлари, Самолар — азалий самолар узра чиққан, Ҳайбатли овози гулдураган Раббийга ҳамду санолар куйланг.

35Ҳаммага эълон қилинг Худонинг қудратини, Унинг улуғворлиги Исроил устидадир, Унинг қудрати самолардадир.

36Худо қўрқинчлидир Ўзининг Муқаддас масканида, Исроил халқининг Худоси куч–қудрат берар Ўз халқига.

36 Худога олқишлар бўлсин!