Забур 68:1-37 UZV2013 - Bible AI

1Ижрочилар раҳбарига. “Нилуфар” куйига айтилган. Довуд саноси.

2Эй Худо, мени Ўзинг қутқар, Сувлар бўғзимга қадар кўмди.

3Ботқоққа чўкиб бораётирман, Оёғимни қўйгани қаттиқ ер йўқ. Чуқур сувларга ботиб кетдим, Энди тўлқинлар мени ютмоқда.

4Мадад сўраб, силлам қуриди, Томоқларим қақраб кетди, Эй Худойим, Сени кутиб, кўз нурим сўнди.

5Сабабсиз мендан нафратланганлар Бошимдаги сочимдан ҳам кўпдир. Кўпчилик сабабсиз менга душмандир, Улар жонимга қасд қилмоқчилар. Мен ўғирламаган нарсаларни улар Қайтиб бер, деб мени мажбур қилмоқдалар.

6Эй Худо, ақлсизлигимни Ўзинг биласан, Айбларим Сендан асло яширин эмас.

7Эй Сарвари ОламРаббий, Сендан умид қилганлар Мен туфайли уятга қолмасинлар. Эй Исроил халқининг Худоси, Сенга юз бурганлар Мен туфайли шарманда бўлмасинлар.

8Сени деб ҳақоратга чидадим, Хижолатдан юзларим шувут.

9Ака–укаларимга гўё бегонадайман, Туғишганларим орасида мусофирдайман.

10Сенинг уйингга бўлган севгим ичимни ёндирар, Сени ҳақоратлаганлар мени ҳақорат қилган бўлар.

11Фарёд қилиб, рўза тутганимда, Мен масхара бўлдим.

12Кулфатда қолиб, қанор кийганимда [1], Улар устимдан кулдилар.

13Шаҳар дарвозаси олдида [2] ўтирганлар Мени ғийбат қиларлар, Маст–аластлар мен тўғримда қўшиқ айтарлар.

14Мен эса, эй Эгам, Сенга ибодат қиламан. Маъқул вақтда, содиқ севгинг соясида, эй Худо, Ишончли нажотинг билан жавоб бер менга.

15Мени қутқаргин, ботқоққа ботиб кетмай, Мендан нафратланганлардан халос бўлай, Мени чуқур сувлардан сақлагин.

16Тўфон мени ғарқ қилмасин, Тубсиз сувлар мени ютмасин, Қабр менга оғзин очмасин.

17Жавоб бер ибодатимга, эй Эгам, Нақадар эзгудир содиқ севгинг, Буюк шафқатинг ила менга юз бургин.

18Мен, Ўз қулингни жамолингдан бебаҳра қилма, Кулфатда қолганман, жавоб бер тезда.

19Яқинроқ кел, қутқаргин мени, Душманларимдан халос қил мени.

20Ҳақоратга дучор бўлганим, Шармандаю шармисор бўлганим Ўзингга равшан. Ҳамма душманларимни биласан.

21Ҳақоратлар қалбимни яралаб, Тушкунликка туширди. Бир ҳамдард изладим, ҳеч ким йўқ эди, Тасалли берувчи изладим–у, топмадим.

22Овқатимга улар заҳар солдилар, Чанқаганимда менга узум сиркаси бердилар.

23Дастурхонлари ўзларига тузоқ бўлсин, Ҳамтовоқлари учун қопқон бўлсин.

24Кўз нурлари сўнсин, кўрмайин қолсин, Беллари то абад букчайиб қолсин.

25Улар устига ғазабингни сочгин, Қаҳринг аланга олиб, уларни ютиб юборсин.

26Уларнинг макони ташландиқ бўлиб қолсин, Чодирларида тирик бир жон қолмасин.

27Сен урган инсонларни улар таъқиб қилади, Сен берган яра азобларини улар ғийбат қилади.

28Гуноҳлари устига гуноҳ қўшгин, Уларни Сен оқламагин.

29Номлари ҳаёт китобидан ўчирилсин, Солиҳлар билан ёнма–ён ёзилмасин.

30Мен азобда, кулфатда қолганман, Эй Худо, нажотинг мени ҳимоя қилсин.

31Номини куйлаб, Худони мадҳ қиламан, Шукр айтиб, Уни мақтайман.

32Буқадан, шохли, туёқли бузоқдан кўра, Ҳамдларим Эгамни кўпроқ мамнун қилади.

33Мазлумлар буни кўриб, севинсин, Худога интилаётганлар дадил бўлсин.

34Эгамиз муҳтожларни эшитади, Асир бўлган халқидан нафратланмайди.

35Осмону ер Эгамизни мадҳ айласин, Денгизлару улардаги жонзотлар мадҳ айласин.

36Худо Қуддусга [3] нажот беради, Яҳудо шаҳарларини қайта тиклайди, Халқ ўрнашиб, у ерни мулк қилади.

37Худо қулларининг авлоди у ерни эгаллайди, Худони севганлар у ерни маскан қилади.