Забур 7:1-18 UZV2013 - Bible AI

1Бенямин қабиласидан бўлган Кушнинг қилмишлари туфайли Довуднинг Эгамизга айтган марсияси.

2Сенда паноҳ топаман, эй Эгам Худо, Пайимга тушганлардан халос эт, қутқар мени.

3Йўқса, улар мени шердай ғажиб ташлайди, Бурда–бурда қилади, ҳеч ким мени қутқаролмайди.

4[4-5] Эй Эгам Худо! Агарда кимгадир ноҳақлик қилган бўлсам, Дўстимни душманига сотган бўлсам мабодо, Ғанимимни сабабсиз талаган бўлсам, Ҳа, агарда у ишларни қилган бўлсам,

6Душманларим таъқиб қилсин, тутсин мени, Танамни тупроққа қорсин, Жасадимни ерга ташласин.

7Қани, ғазабингни сочгин, эй Эгам! Қўзғал ёвларимнинг қаҳрига қарши! Кўриб, адолат қилгин!

8Халқларни атрофингга тўплагин, Баланддаги тахтингда ўтириб, Улар устидан ҳукмронлик қилгин.

9Халқларни ҳукм қил Сен, эй Эгам, Эй Эгам, менинг ҳам юзимни ёруғ қил, Биласан–ку, солиҳман, бегуноҳман.

10Фосиқларнинг ёвузлиги барҳам топсин, Солиҳлар барқарор бўлсин. Oнгу юракларни синагувчи Сенсан, Эй одил Худо!

11Менинг қалқонимдир Худо, Покдилларга У нажот беради.

12Адолатли ҳакамдир Худо, Қабиҳга У доим ғазабини сочади.

13Агар инсон тавба қилмаса, Худо қиличини чархлайди, Камонини тайёр қилиб туради.

14Қирғин қуролларини шай қилиб қўйган, Оловли ўқларини тайёрлаб қўйган.

15Ана, қабиҳлар қабиҳликдан уруғ орттиради, Дарду балолардан ҳомиладор бўлади, Охир–оқибатда ёлғонни туғади.

16Улар чуқур қазийдилар, Аммо чоҳга ўзлари қулайдилар.

17Уларнинг дарду балоси ўзига қайтади, Зўравонлиги ўзларининг бошига етади.

18Эгамизга, адолатинг учун шукр, дейман. Худойи Таоло — Эгамизга ҳамду сано куйлайман.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>