Забур 77:1-72 UZV2013 - Bible AI

1Осифнинг [1] қасидаси. [1] Қулоқ солинг, эй халқим, ўгитларимга, Қулоқ тутинг оғзимдан чиққан сўзларга.

2Оғзимни очаман масалга, Ўтмишнинг сирли сабоқларин ўргатаман сизга.

3Буларни айтган эди ота–боболаримиз, Улардан эшитганмиз, биламиз.

4Эгамизнинг ҳамдга лойиқ ишларини, Унинг қудратини, У қилган ажойиботларни Биз яширмаймиз уларнинг болаларидан, Ҳикоя қилармиз келгуси авлодларга ҳам.

5Ёқуб наслига У фармон берди, Исроилга қонун тайинлади Ота–боболаримизга амр бериб: “Болаларингизга ўргатинг”, деди [2].

6Токи келажак насллар буларни билсин, Билсин ҳатто туғилмаган болалар, Ўз навбатида болаларига айтсин улар.

7Болалари ҳам умидини боғласин Худога, Худонинг ишларини унутиб қўймай, Риоя этсин Унинг амрларига.

8Токи улар ота–боболарига ўхшаб, Ўжар, исёнкор насл бўлмасин. Юрагида Худога садоқат бўлмаган, Руҳан беқарор насл бўлмасин.

9Ўқ–ёй билан қуролланган Эфрайим жангчилари [3] Жанг кунида ортига қайтди [4].

10Улар Худонинг аҳдига риоя қилмади, Унинг қонунлари бўйича юришни рад қилди.

11Улар унутдилар Худонинг қилган ишларини, Худонинг уларга кўрсатган мўъжизаларини.

12Миср диёридаги Зўван текислигида [5], Уларнинг ота–боболари кўз ўнгида Худо мўъжизалар кўрсатганди.

13Денгизни ёриб, ўртасидан уларни ўтказди, Сувларни девор каби тик қилиб қўйди [6].

14Кундузи уларни булут орқали етаклади, Тун бўйи аланга ёруғи орқали етаклади [7].

15У саҳродаги қояларни парчалади, Денгиздай мўл–кўл сувни уларга берди.

16Қоядан ирмоқларни чиқарди, Сувларни дарёлардай оқизди [8].

17Улар саҳрода Худойи Таолога қарши исён қилиб, Унга қарши гуноҳ қилавердилар.

18Улар атайлаб Худони синадилар, Кўнгли тусаган овқатни талаб қилдилар.

19Улар Худога қарши сўзлаб, дедилар: “Саҳрода Худо бизга дастурхон ёза олармиди?!

20Мана, У қояга урганда, Сув дарё–дарё бўлиб оқди, Ирмоқлар тўлиб–тошди. Энди У Ўз халқига нон бера олармикан? Халқини гўшт билан таъминлай олармикан?”

21Эгамиз уларнинг гапини эшитиб, Қаттиқ ғазабга минди. Ёқуб наслига қарши ғазаб алангасини пуркади, Ҳа, Исроил наслига қарши қаҳрини сочди [9].

22Улар Худога ишонмадилар, Унинг нажотига таянмадилар.

23Худо самолардан туриб амр берди, Осмоннинг қопқаларини очиб юборди.

24Улар есин, деб манна [10] ёғдирди, Осмоннинг донини уларга берди.

25Одамзод фаришталар нонидан еди, Худо уларга мўл–кўл таом юборди.

26У самолардан шарқ шамолини эстирди, Қудрати билан жануб шамолига йўл кўрсатди.

27У чангдай мўл қилиб, халқига гўшт ёғдирди, Ҳа, денгиздаги қумдай мўл қилиб қушлар ёғдирди.

28Буларни уларнинг қароргоҳига ёғдирди, Уларнинг чодирлари атрофига туширди.

29Улар тўйгунларича едилар, Худо уларга кўнгиллари тусаганини берди.

30Бироқ ҳали кўнгли тусаганига тўймаган, Луқмалари ҳали уларнинг оғизларида экан,

31Худо ғазабини уларга сочди, Уларнинг кучлиларини ўлдирди, Исроилнинг гулдай йигитларини ер тишлатди [11].

32Шуларга қарамай, улар гуноҳ қилавердилар, Худонинг мўъжизаларига ишонмадилар.

33Худо уларнинг кунларини бир нафасдай битирди, Уларни ваҳимага солиб, умрларини барбод қилди.

34Баъзиларини Худо ўлдирди, Шундагина қолганлари Унга интилди, Тавба қилиб, яна Худога қайтди.

35Улар шундай деб эсладилар: “Ҳа, Худо суянган қоямиз, Бизнинг қутқарувчимиз Худойи Таоло.”

36Аммо Худога хушомад қилардилар, Унга тиллари билан ёлғон сўзлашарди.

37Юракларида эса Худога содиқ эмас эдилар, Унинг аҳдига бевафолик қилдилар.

38Худо–чи, шафқат қилди, Кечирди уларнинг гуноҳларини, Қириб ташламади уларни, Кўпинча У ғазабини босди, Бутун ғазабини сочмади.

39Худо эслади: “Улар шунчаки бандалардир, Эсиб, бошқа қайтиб келмас шамолдир.”

40Саҳрода Худога қанчалар кўп исён қилдилар! Дашту биёбонда Уни хафа қилдилар.

41Худони улар такрор–такрор синадилар, Исроил халқининг Муқаддас Худосини ранжитдилар.

42Улар Худонинг қудратини, Уларни душмандан қутқарган кунни эсдан чиқардилар.

43Худо Мисрда кўрсатган мўъжизаларни, Ҳа, Зўван текислигида [12] кўрсатган ажойиботларни унутдилар.

44Мисрдаги дарёларни Худо қонга айлантирди, Мисрликлар ирмоқлардан сув ичолмай қолди.

45Уларни еб битирсин, дея пашшалар галасини юборди, Юртни вайрон қилсин, дея қурбақалар юборди.

46Уларнинг ҳосилини Худо чигирткаларга [13] ем қилди, Уларнинг меҳнати маҳсулини чигирткаларга берди.

47Узумзорларини дўл билан яксон қилди, Шикамора–анжир дарахтларини жалада нобуд этди.

48Уларнинг чорвасини дўлга дучор қилди, Уларнинг подасини яшин алангасига берди.

49Бузғунчи фаришталари тўдасини юборгандай Худо уларга алангали ғазабини, қаҳрини, Нафратини ҳамда мусибатни сочди.

50У Мисрдан ғазабини қайтармади, Уларнинг жонларига шафқат қилмади, Уларни вабога дучор қилди.

51Мисрнинг ҳамма тўнғичларини урди [14], Ҳа, Хом авлодларининг [15] уйларидаги Қудратининг илк ҳосилини йўқ қилди.

52Ўз халқини эса Худо қўйдай етаклаб чиқди, Уларни саҳро бўйлаб сурувдай бошлаб борди.

53Эгамиз эсон–омон бошлаб борди, Улар қўрқмадилар, Уларнинг ғанимларини эса денгиз ютди.

54Эгамиз халқини Ўз муқаддас юртига, Ўз кучи билан қўлга киритган тоққа олиб келди.

55Ўз халқининг олдидан бошқа халқларни [16] қувди, Уларнинг юртини мулк қилиб бўлиб берди, Исроил қабилаларини уларнинг чодирларида ўрнаштирди.

56Улар ҳамон Худойи Таолони синардилар, Унга қарши исён қилиб, фармонларига бўйсунмадилар.

57Оталари каби бевафолик қилиб, хоинлик қилдилар, Яроқсиз камонга ўхшаб ишончсиз чиқдилар.

58Саждагоҳлари билан улар Худони ғазаблантирдилар, Бутлари билан Унинг рашкини қўзғатдилар.

59Буларни эшитганда Худо, ғазабга минди, Шундан сўнг Исроилни тамом рад этди.

60У Шилўдаги [17] Ўз масканини, Инсонлар орасида тиккан чодирини тарк этди.

61Душманга асирликка берди аҳд сандиғини, Ўзининг қудратию шуҳрати рамзини [18].

62Ўз халқини У қиличга рўпара қилди, Ғазабини танлаган халқига сочди.

63Йигитларини аланга ямламай ютди, Қизлари никоҳ қўшиқларини айтолмай қолди.

64Руҳонийлари қилич тиғидан йиқилди, Руҳонийлар бевалари аза тутолмай қолди.

65Шунда Раббий қўзғалди уйқудан уйғонгандай, Шаробдан ҳайқираётган баҳодирдай.

66Душманларини У тирқиратиб қувди, Уларни абадий шармандаликка дучор қилди.

67Худо Юсуф чодирини рад этди, Эфрайим қабиласини [19] танламади.

68Унинг ўрнига Яҳудо қабиласини [20], Ўзи севган Сион тоғини танлади [21].

69Абадий ўрнатган ер курраси каби, Самолар каби Ўз муқаддас масканини қурди.

70Худо Ўз қули Довудни танлаб олди, Қўй қўрасидан уни чақириб олди.

71У Довудни совлиқ қўй, қўзиларга чўпонликдан олди. Ўзининг халқи Исроилга, Ёқуб наслига чўпон қилиб тайинлади.

72Довуд уларга ҳалоллик билан чўпонлик қилди, Моҳирлик билан уларни етаклаб борди.