Забур 79:1-20 UZV2013 - Bible AI

1Ижрочилар раҳбарига. “Нилуфар гуллар” куйига айтилган. Осифнинг [1] гувоҳлиги. Сано.

2[2-3] Тингла бизни, эй Исроилнинг Чўпони, Юсуф наслини [2] қўй сурувидай етаклаб чиққан Сенсан, Карублар ўртасида тахт қургансан, Эфрайим, Бенямин, Манаше [3] олдида нурингни соч. Қудратингни кўрсат, бизни қутқаргани кел.

4Эй Худо, бизни олдинги ҳолимизга қайтаргин, Жамолинг бизга нурларини сочсин, нажот топайлик.

5Эй Парвардигори ОламЭгамиз, Қачонгача ғазабланиб, ибодатимизни рад этасан?

6Кўз ёшлар бердинг бизга нон ўрнига, Челак тўла кўз ёшларни бизга ичирдинг.

7Қўшнилар биздан нафратланишига имкон бердинг, Душманларимиз бизни масхара қилмоқда.

8Эй Парвардигори Олам, бизни олдинги ҳолимизга қайтаргин, Жамолинг бизга нурларини сочсин, нажот топайлик.

9Ток новдасини суғургандай, Бизни Мисрдан келтирдинг. Бегона халқларни қувиб, бизни ўтқаздинг.

10Биз учун тупроқ тайёрладинг, Илдиз отиб, юртни тўлдирдик.

11Тоғлар бизнинг соямиз билан қопланди, Баҳайбат садрлар ҳам новдаларимиз билан қопланди.

12Биз шохларимизни денгизгача [4] ёйдик, Новдаларимиз Фурот дарёсигача чўзилди.

13Нега энди боғнинг деворларини бузиб ташладинг? Ўтган–кетган меваларини юлсин дебми?

14Ёввойи тўнғизлар уни хароб қилади, Ёввойи жониворлар [5] ундан қорнини тўйғизади.

15Қайт яна бизга, эй Парвардигори Олам! Назар солгин, қара самодан, Бу ток новдасини қўриқлагин.

16Ўнг қўлинг ўтқазган илдизни, Ўзинг учун кучайтирган шохчани [6] қўриқлагин.

17Ғанимларинг узум токингни қирққан эди, Узум токингни оловда ёндирган эди, Ғазабли боқишингдан улар йўқ бўлсин.

18Ўзинг танлаганингга, Ўзинг учун кучли қилган халққа [7]таянч бўлгин.

19Шунда биз ҳеч қачон Сендан қайтмаймиз, Сенга сажда қиламиз, бизга ҳаёт ато қил.

20Эй Парвардигори Олам — Эгамиз, Бизни олдинги ҳолимизга қайтаргин, Жамолинг бизга нурларини сочсин, нажот топайлик.