Забур 80:1-17 UZV2013 - Bible AI

1Ижрочилар раҳбарига. Соз жўрлигида. Осифнинг [1] саноси.

2Худога, қудратимиз манбаига Севинч билан куйланг, Ёқубнинг Худосига шодлик ила ҳайқиринг!

3Қўшиқ куйланг, доира чертинг, Хушовоз лира, арфа чалинг.

4Бурғу чалинг янги ой байрамида, Ой тўлганда, Байрам кунимизда [2].

5Исроил учун бу қонундир, Ёқубнинг Худоси фармонидир.

6Миср юрти устига бостириб борганда, Худо буни Исроилга [3] қонун қилиб берди.

6 Мен нотаниш бир овозни эшитдим:

7“Юкни олдим елкангиздан, — дейди у. — Қўлларингиз саватдан озод бўлди [4].

8Менга фарёд қилдингиз кулфатда, сизни қутқардим, Булутлар орасидан сизларга жавоб бердим, Марива сувларида [5] сизларни синадим.

9Эшитинг, эй халқим, танбеҳ бераман сизга, Эй Исроил, кошкийди қулоқ солсангиз Менга!

10Орангизда бегона худолар бўлмасин, Бошқа худоларга сажда қилманглар.

11Мен сизларнинг Эгангиз Худоман, Сизларни Миср юртидан Мен олиб чиққанман, Оғзингизни катта очинг, Мен уни тўлдираман.

12Эй халқим, сиз эса овозимга қулоқ солмадингиз, Эй Исроил, Менга итоат этишни рад этдингиз.

13Ўз билганингизча яшанг, дея Юракларингизни ўжарлигича қолдирдим.

14Эҳ, қанийди сиз Менга қулоқ солсангиз, Эй Исроил, Менинг йўлларимдан юрсангиз!

15Тезда душманларингизни бўйсундирардим, Сизнинг ғанимларингизга зарба берардим.

16Мен, Эгангиздан нафратланганлар Қўрқувдан ғужанак бўларди, Уларнинг ҳалокати то абад давом этарди.

17Сизларни буғдойнинг энг яхшиси билан боқардим, Қоядан асал чиқариб, сизларни тўйдирардим.”