Забур 87:1-19 UZV2013 - Bible AI

1Кўрах наслининг [1] саноси. Қўшиқ. Ижрочилар раҳбарига. “Қайғу–алам” куйига айтилган. Зерах уруғидан бўлган Хаман қасидаси.

2Эй Эгам, нажоткорим Худо, Кеча–кундуз фарёд қиламан олдингда.

3Ибодатим Сенга етиб борсин, Қулоғингни додимга тутгин.

4Ҳаётим кулфатга тўла, Ўзим ўликлар диёрига [2] яқинлашганман.

5Мени қабрга тушганлар орасида ҳисоблайдилар, Бемажолларга ўхшаб қолганман.

6Мурдалар орасига ташланганман, Қабрда ётган марҳумларга ўхшайман, Сен мени ўшалардай унутгансан, Улар Сенинг ҳимоянгдан маҳрумдирлар.

7Сен ташладинг мени қабрнинг энг тубига, Энг зулмат, чуқур жойларга.

8Ғазабинг устимдан зилдай босади, Қаҳринг тўлқинлари ила мени эзасан.

9Яқин дўстларимдан мени айирдинг, Уларга мени жирканч қилдинг, Қамалиб қолганман, халос бўла олмайман.

10Кўзларим нури ғамдан адойи тамом бўлди. Эй Эгам, ҳар кун [3] Сенга илтижо қиламан, Қўлларимни Сен томон чўзаман.

11Мўъжизаларингни марҳумларга кўрсатасанми?! Мурдалар туриб, Сенга ҳамду сано айтармикан?!

12Сенинг содиқ севгинг қабрда эълон қилинарми?! Ҳалокат диёрида [4] Сенинг садоқатинг ҳақида айтиларми?!

13Зулмат диёрида мўъжизаларинг маълум бўларми?! Унутилганлар маконида [5] одиллигинг ҳақида сўйланарми?!

14Эй Эгам, мен Сенга фарёд қиламан, Ибодатим саҳарданоқ Сенга етиб боради.

15Эй Эгам, нечун мени рад қиласан? Нечун мендан юзингни ўгирасан?

16Ёшлигимдан буён хастаман, ўлим билан юзма–юзман, Ваҳималаринг қаршисида умидсиз қолганман [6].

17Қаҳрли ғазабинг мени эзиб ташлади, Ваҳималаринг мени адойи тамом қилди.

18Қаҳр–ғазабинг кун бўйи мени тўфондай ўраб олади, Мени ҳар тарафдан қуршаб олади.

19Яқин дўстимдан, қўшнимдан мени айирдинг, Фақат зулмат менинг шеригим бўлиб қолди.