Закариё 6:1-15 UZV2013 - Bible AI

1Мен яна тепага қараб, иккита бронза тоғ орасидан чиқиб келаётган тўртта аравани кўрдим.

2Биринчи аравани қизил, иккинчи аравани эса қора отлар,

3учинчи аравани оқ, тўртинчи аравани эса ола–була отлар тортиб келаётган эдилар. Бу отларнинг ҳаммаси кучли эди.

4Мен билан гаплашаётган фариштадан:

4— Эй, тўрам, булар нима? — деб сўрадим.

5Фаришта шундай жавоб берди:

5— Булар бутун олам Раббийсининг ҳузуридан чиқиб келаётган тўртта самовий руҳдир.

6Қора отли арава шимолга боради. Оқ отлиси эса унинг орқасидан кетади. Ола–була отли арава жанубга боради.

7Ана шу кучли отлар чиқдилар. Кейин улар бориб, ерни айланиб келишга шошилдилар. Фаришта уларга: — Боринглар, ерни кўриб чиқинглар, — деди. Шунда улар бориб, айланиб келишди.

8Кейин фаришта мени чақириб, шундай деди:

8— Мана, қара! Отлар шимолий юртга бориб, у ерда Эгамизнинг Руҳига тинчлик беришди.

9Эгамиз менга қуйидаги сўзларни аён қилди:

10Бобилдаги сургундан қайтиб келган Халдай, Товиё ва Ёдаёдан тилла ва кумуш ол. Ўша куниёқ Зафаниё ўғли Йўшиёнинг уйига бор.

11Берилган кумуш ва олтиндан тож ясагин. Уни Ёҳузадах ўғли — олий руҳоний Ёшуанинг бошига кийгизгин–да,

12унга шундай дегин: “Сарвари Олам шундай демоқда: ‘Новда деган одам ўз турган жойидан шохлайди–да, Менинг Маъбадимни қуради.

13Менинг Маъбадимни қурадиган ўшадир. У шоҳона улуғворликка эга бўлиб, ҳукмронлик қилади. Тахтининг олдида руҳоний туради. Иккаласи орасида тинчлик, осойишталик бўлади.

14Бу тож Халдай, Товиё, Ёдаё ва Зафаниё ўғли Йўшиёнинг қарамоғида бўлади. У Менинг Маъбадимда ёдгорлик бўлиб қолади.

15Узоқ жойлардан одамлар келиб, Менинг Маъбадимни қуришга ёрдам беришади.’”

15Эй сургундан қайтиб келганлар, шунда Сарвари Олам мени юборганини сизлар англаб етасизлар. Агар сизлар Эгангиз Худонинг сўзларига яхшилаб қулоқ солсангизлар, мана шуларнинг ҳаммаси содир бўлади.

>