Закариё 9:1-17 UZV2013 - Bible AI

1Башорат. Эгамизнинг сўзи Хадрах юртига қаршидир. Дамашқ шаҳрига қаратилгандир. Барча Исроил қабилаларининг ҳамда инсониятнинг кўзлари Эгамиздадир.

2Хадрахга чегарадош бўлган Хомат ҳам, Доноларга тўла бўлган Тир ва Сидон ҳам Эгамизга кўз тиккан.

3Тир шаҳри ўзига қалъа қуриб олган, Шунчалик кўп кумуш ва олтин йиққанки, Улар кўчадаги чанг ва лойдайдир.

4Лекин энди Эгамиз уларнинг мулкини олиб қўяди, Бойликларини денгизга улоқтиради. Шаҳарнинг ўзи эса оловга ем бўлади.

5Ашқалон шаҳри буни кўриб, қўрқувга тушади, Ғазо ҳам даҳшатга тушиб қалтирайди, Умиди пучга чиққан Эхрон ҳам шу аҳволга тушади. Ғазонинг шоҳи ҳалок бўлади, Ашқалонда эса ҳеч бир зот қолмайди.

6Эгамиз шундай дейди: “Ашдодда дурагай халқлар яшайди. Ҳа, Мен Филистларнинг такаббурлигига чек қўяман.

7Мен Филистларнинг оғзидан қонли гўштни, Тишларидаги ҳаром овқатларни олиб ташлайман. Филистларнинг тирик қолганлари Менга тегишли бўлади, Улар Яҳудонинг авлодидай бўлиб қолади. Эхрон ҳам Ёбус халқидай Ўз халқимнинг бир қисми бўлади.

8Босқинчилардан асрай, деб Мен Ўзим уйимни қўриқлайман. Халқимнинг юртини ҳеч ким босиб ололмас, Ҳа, Мен ҳаммасини кўриб турибман.

9Хурсанд бўлиб, қувонинг, Эй Қуддус халқи! Шодлик–ла ҳайқиринг, Эй Сион халқи! Мана шоҳингиз келяпти. У зафар қозонган ғолибдир. Шунга қарамай, Камтариндир шоҳингиз, У эшакнинг устида, Ҳа, эшакнинг боласини — ҳўтикни миниб келяпти.

10Мен Эфрайимнинг жанг араваларини йўқотаман, Қуддуснинг жанг отларини олиб қўяман. Уруш камонлари ҳам йўқ қилинади, Шоҳингиз халқларга тинчлик келтиради. Мен бир денгиздан иккинчисига қадар, Фурот дарёсидан тортиб, Ер юзининг тўрт томонига ҳукмронлик қиламан.

11Мен сизлар билан қилган, қурбонлик қони билан мустаҳкамланган аҳдим туфайли, Асирларингизни сувсиз чуқурликдан озод қиламан.

12Эй умидвор асирлар, Ўз қалъангизга қайтинг. Бугун Мен айтяпман, Йўқотганларингизни икки баробар қилиб тиклайман.

13Мен Яҳудони Ўз камонимдек қайирдим, Эфрайимни эса камоним ўқи қилдим. Эй Қуддус, Мен сенинг ўғилларингни Юнон ўғилларига қарши қўзғатаман. Менинг қўлимда жангчининг қиличидай ўйнайсан.”

14Шундан кейин Эгамиз Ўз халқи узра зоҳир бўлади, Унинг ўқи яшиндай отилади. Эгамиз Раббий бурғуни чалиб, Жанубдан келган қуюнлар орасида ҳужум қилади.

15Сарвари Олам Ўз халқини ҳимоя қилади, Улар душманларини қириб, Палахмонларини эзиб ташлашади. Ҳа, Унинг халқи шаробдан маст бўлгандай жангда ўкиради. Улар тоғорача сингари, Қурбонгоҳнинг тўрт бурчаги каби Қонга тўла бўлади.

16Ўша куни уларнинг Эгаси — Худо Ўз халқини қутқаради. Ахир, улар Эгамизнинг сурувидир. Эгамизнинг юртида улар Тож гавҳарларидай порлайдилар.

17Унинг халқи қандай гўзал ва ажойиб! Янги шаробу донлар Йигит–қизларни бақувват қилар.

>