Ибронийларга 12:1-29 UZV2013 - Bible AI

1Имони бизга ибрат бўлиб хизмат қиладиган ана шу одамларнинг ҳаммаси атрофимизни ўраб олган. Бу катта оломон бизни кузатиб тураркан, тақдиримиздаги мусобақада сабр–тоқат билан чопайлик. Югуришимизга халақит бераётган ҳар қандай юкни, айниқса, тўсқинлик қилаётган ҳар қандай гуноҳни бир четга улоқтириб ташлайлик.

2Исога кўз тикайлик. Ахир, У бу имон мусобақасида биз учун йўл очиб, бутун масофани биздан олдин югуриб ўтди. Исо келажакдаги шодликка эришиш учун, шармандали ўлимни писанд қилмай, хочда азоб билан жон берди. Ҳозир эса У Худо тахтининг ўнг томонида ўтирибди.

3Жасоратингиз сўнмаслиги ва кўнглингиз чўкмаслиги учун, Исо ҳақида фикр юритинглар. У гуноҳкорлар томонидан кўп хўрланиб, ҳаммасига чидаган–ку!

4Сизлар эса қонингизни тўкиш даражасигача гуноҳга қарши курашмадингизлар.

5Худонинг сизларга Ўз фарзандлари сифатида айтган бу далда сўзларини унутибсизлар:
Ундан танбеҳ олганингда кўнглинг чўкмасин.

5“Ўғлим, Эгамизнинг тарбиясига эътиборсиз бўлмагин,

6Зеро, Эгамиз яхши кўрган бандасини тарбиялайди, Фарзанд қилиб олган ҳар бир одамни жазолайди.”

7Чекаётган азобларингизни Худонинг тарбияси, деб билиб, сабр–тоқат қилинглар. Чунки Худо сизларни Ўз фарзандларидай кўриб, тарбия қиляпти. Ахир, ҳар бир ота ўз фарзандини тарбия қилади–ку!

8Агар Худо сизларни бошқа фарзандларини тарбиялагандай тарбияламаса, демак, сизлар Худонинг фарзандлари эмас, ҳаромзодасизлар.

9Биз жисмоний оталаримизнинг тарбиясини олиб, уларни ҳурмат қилиб келяпмиз. Шундай экан, янги ҳаётга эга бўлиш учун осмондаги Отамизга бундан–да кўпроқ итоат қилишимиз керак эмасми?!

10Жисмоний оталаримиз қисқа вақт давомида, бизни ўз билганидай тарбиялаган эдилар. Худо эса бизнинг манфаатимизни кўзлайди. Биз У каби муқаддас бўлишимиз учун Худо бизни тарбиялайди.

11Одам тарбия олаётганда хурсанд бўлмайди, аксинча, қайғуради. Аммо бундай тарбияни олган одам кейинчалик тинч–тотув ва солиҳ ҳаёт кечиради.

12Қўлларингиз толиққан, тиззаларингиз букилган, аммо маҳкам туринг.

13Ўзингиз учун тўғри йўлни танлаб юринг. Токи орангиздаги “ожиз” ва “оқсоқ” одамлар йиқилмасин, балки шифо топсинлар.

14Ҳамма билан тинч–тотув яшашга ҳаракат қилинглар. Ҳалол ҳаёт кечиришга тиришинглар, акс ҳолда, Эгамизни кўра олмайсизлар.

15Эҳтиёт бўлинглар, тағин, ўзингизни Худонинг иноятидан маҳрум қилиб қўйманглар. Ораларингизда аччиқ илдиз ўсишига йўл қўйманглар, акс ҳолда унинг заҳри муаммолар туғдириб, кўпларингизни ҳаром қилади.

16Қаранглар, орангизда Эсовга ўхшаганлар бўлмасин. Эсов тўнғич ўғил ҳуқуқини бир коса овқат учун сотган ахлоқи бузуқ, бетавфиқ бир одам эди.

17Ўзингизга маълумки, кейин Эсов ваъда қилинган меросни олиш учун, отасидан: “Мени дуо қилинг”, деб сўради, аммо отаси уни рад этди. Эсов кўз ёш тўкиб, отасига ёлворса–да, воз кечган меросини қайтариб олишга асло имкони йўқ эди.

18Сизлар яқинлашган тоғ Синай тоғи эмас. Синай тоғи жисмоний бир тоғ бўлиб, унга қўл теккизиб кўрса бўларди. У ерда аланга ловуллаб ёнарди, устини зулмат, қора булут қоплаган, бўрон босган эди.

19Бурғу садоси янграб, Худонинг овози эшитилганди. Буни эшитган одамлар: “Ёлворамиз, Худо бизга бошқа гапирмасин”, деб ўтинганди.

20Чунки “Тоққа ҳатто ҳайвон ҳам тегса, тошбўрон қилинсин”, деган Худонинг буйруғига улар дош бера олмаган эдилар.

21Синай тоғидаги манзара шу қадар даҳшатли эдики, Мусонинг ўзи: “Қўрққанимдан титраб кетяпман”, — деганди.

22Сизлар, аксинча, самодаги Сион тоғига ва барҳаёт Худонинг шаҳри — самовий Қуддусга яқинлашгансизлар. Шод–хуррамлик қилгани йиғилган минглаб фаришталар олдига келгансизлар.

23Исмлари осмонда ёзилган Худонинг меросхўрларига сизлар шерик бўлдингизлар. Ҳаммани ҳукм қилувчи Худонинг ҳузурига кирдингизлар. Худо баркамол қилган солиҳларнинг руҳлари олдига келдингизлар.

24Сизлар Янги Аҳднинг воситачиси Исонинг ҳузурига кирдингизлар. Исонинг қонига яқинлашдингизлар. Унинг қони Ҳобилнинг қонига ўхшаб қасос талаб қилмайди, аксинча, гуноҳларимизни ювиш учун сепилган.

25Эҳтиёт бўлинглар, сизларга гапираётган Худодан юз ўгирманглар! Худо ер юзида гапирган вақтда Уни рад этганлар ҳалокатдан қутула олмаганлар. Шундай экан, биз осмондан гапираётган Худони рад этсак, икки дунёда ҳам жазодан қутула олмаймиз!

26Ўша вақтда Унинг овози ерни ларзага солган эди. Энди эса У шундай демоқда:

26“Мен яна бир бор ерни ларзага соламан, аммо бу сафар осмонни ҳам титратаман.”

27“Яна бир бор” дегани шуни билдирадики, яратилган бутун мавжудот йўқ бўлиб кетади, фақат тебранмас, абадий мавжудот қолади.

28Бизга тебранмас шоҳлик берилган. Шундай экан, Худодан миннатдор бўлиб, эҳтиром ва қўрқув ила Унга манзур равишда сажда қилайлик.

29Ахир, бизнинг Худойимиз ямламай ютадиган оловдир.

rticle>