Ибронийларга 13:1-25 UZV2013 - Bible AI

1Бир–бирингизни биродарлардай яхши кўришни давом эттиринглар.

2Меҳмондўстликни унутманглар. Зеро, меҳмондўст бўлган баъзи одамлар ўзлари билмаган ҳолда фаришталарни меҳмон қилишган.

3Қамоқдаги биродарларингизни унутманглар, гўё ўзингиз ҳам улар билан бирга қамоқда ўтиргандек, уларни ёдингизда тутинглар. Хўрланганларни унутманглар, ўзингизни уларнинг ўрнига қўйиб кўринглар.

4Никоҳни ҳаммангиз эъзозланглар. Эр–хотинлик муносабатини беғубор сақланглар. Фаҳшу зинога берилганларни Худо ҳукм қилади.

5Пулга кўнгил боғламанглар. Бори билан қаноатланинглар. Зеро, Худо:
“Сизларни ташлаб кетмайман, сизларни тарк этмайман”, — деб айтган.

6Шунинг учун биз ишонч билан айта оламиз:
Инсонлар менга нима қила олади?!”

6“Эгам Мададкоримдир, шу боис қўрқмайман.

7Худонинг каломини сизларга ўргатган устозларингизни хотирланглар. Уларнинг босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида фикр юритинглар. Имонларига тақлид қилинглар.

8Исо Масиҳ кеча, бугун ва то абад Ўшадир, У ўзгармайди.

9Шундай экан, турли хил ғалати таълимотларга берилиб, тўғри йўлдан оғиб кетманглар. Қурбонлик маросимларига доир егулик–ичгулик қоидаларига риоя қилавермай, яхшиси, Худонинг инояти билан юрaгингизни бақувват қилинглар. Ахир, инсонлар яратган бу қоидалар уларга риоя қилувчиларга ҳеч қандай фойда келтирмайди.

10Эсингизда бўлсин, биз кўзга кўринмайдиган, ҳақиқий қурбонгоҳ олдида сажда қилмоқдамиз. Ердаги қурбонгоҳ олдида сажда қилаётганлар ҳақиқий қурбонгоҳда сажда қила олмайдилар.

11Илгарилари олий руҳоний халқни гуноҳларидан поклаш учун ҳайвонларни қурбонлик қиларди. У қурбонликлар қонини Муқаддас хонага олиб киргандан сўнг, гўштини емасдан, сўйилган ҳайвонларни қароргоҳдан ташқарида куйдирарди.

12Шу сингари Исо ҳам шаҳар дарвозасидан ташқарида азоб чекиб ўлди. У Ўз қонини тўкиб, халқини гуноҳлардан поклади.

13Келинглар, энди биз ҳам қароргоҳ ташқарисига Исонинг олдига чиқайлик. У билан бирга хўрликларга чидайлик.

14Зеро, бизнинг бу дунёда доимий масканимиз йўқ, биз бўлғуси шаҳарга кўз тикканмиз.

15Шундай экан, Исо орқали Худога ҳамду сано назрларини тақдим қилаверайлик. Исони Раббимиз деб эътироф этишимиз Худога қурбонликдай бўлсин.

16Яхшилик қилишни ва бир–биримизга ёрдам беришни унутмайлик, чунки бундай назрлар Худога манзурдир.

17Жамоатдаги бошлиқларингизга қулоқ солинглар, айтганларини қилинглар. Ахир, улар имон йўлида сизларга посбонлик қиладилар, Худонинг олдида сизлар учун ҳисобот берадилар. Уларга итоат қилсангиз, улар ўз ишини хурсандчилик билан бажарадилар, бўлмаса, ўлган кунидан қиладилар. Бундан сизга нима фойда бўлади?!

18Мен учун ибодат қилинглар. Виждоним тоза эканлигига аминман. Ҳурматга лойиқ ҳаёт кечиришга ҳаракат қиляпман.

19Ўтиниб сўрайман, мен учун ибодат қилинглар, токи сизларнинг олдингизга тезроқ қайтиб борай.

20Тинчлик берадиган Худо бизнинг Раббимиз Исони ўликдан тирилтирди. Исо Ўз қони билан абадий аҳдни муҳрлагани учун Худо Уни халқининг улуғ Чўпони қилиб тайинлади.

21Шу қадар буюк ишларни қилган Худонинг хоҳиш–иродасини бажара олишингиз учун У сизларга ҳар қандай эзгу фазилату инъом берсин. У Ўзининг манзур мурод–мақсадини Исо Масиҳ орқали сизларда бажо келтирсин. Исо Масиҳга абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

22Эй биродарларим, сизларга қисқагина мактуб ёздим. Ўтинаман, мактубимдаги насиҳатларни сабр–тоқат билан қабул қилинглар.

23Айтмоқчи, биродаримиз Тимўтий қамоқдан чиқди. Агар у бу ерга вақтида етиб келса, сизларни кўргани борганимда, уни ҳам олиб бораман.

24Жамоатдаги ҳамма бошлиқларингизга ва барча Худонинг азизларига салом айтинглар. Италиялик биродарларимиз сизларга салом йўллаяптилар.

25Худонинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин.

rticle>