Ибтидо 20:1-17 UZV2013 - Bible AI

1Иброҳим бу ердан кўчиб, жанубга — Нагав чўли [1] томонга йўл олди ва Кадеш билан Шур оралиғида жойлашди. Кейинроқ Гарорга [2] кетди. У ерда бир оз яшади.

2Иброҳим бу ердаги одамларга хотини Сорани, у менинг синглим, деб айтар эди. Гарор шоҳи Абумалек одам юбориб, Сорани саройига олдириб келди.

3Абумалек кечаси туш кўрди. Тушида Худо зоҳир бўлиб, унга деди: “Сен мана шу хотинни олганинг учун ўласан, чунки унинг эри бор.”

4Лекин Абумалек ҳали Сорага яқинлашмаган эди.

4— Ё, Раббий! — деди Абумалек. — Мен бегуноҳман–ку! Энди бегуноҳ одамни ҳам ўлдираверасанми?

5Иброҳим менга, у менинг синглим, деди–ку! Аёлнинг ўзи ҳам, Иброҳим — менинг акам, деди. Мен бу ишни пок кўнгил билан қилдим.

6Худо Абумалекка тушида яна деди: — Сенинг пок кўнгилли эканингни биламан. Шу сабабдан Менга қарши гуноҳ қилишдан сени сақладим. Сорага тегишингга йўл қўймадим.

7Энди сен бу аёлни эрига қайтариб бер. Унинг эри — пайғамбар, сен учун ибодат қилади. Шунда сен тирик қоласан. Агар бу аёлни эрига қайтариб бермасанг, шуни билиб қўйки, ўзинг ҳам, бутун оила аъзоларинг ҳам ўласизлар.

8Эртаси куни саҳарда Абумалек ҳамма аъёнларини чақириб, уларга бўлган воқеани айтиб берди. Ҳаммалари қаттиқ ваҳимага тушдилар.

9Кейин Абумалек Иброҳимни чақиртирди ва унга деди:

9— Бизни нима қилиб қўйдинг? Сенга қарши қандай гуноҳ қилибман–а! Мен ҳам, шоҳлигим ҳам шунчалик оғир гуноҳга ботишига сен сабабчи бўлдинг! Сен менга ҳеч қачон ҳеч ким қилиши керак бўлмаган ишни қилдинг.

10Абумалек Иброҳимдан: — Нимани ўйлаб бу ишни қилдинг? — деб сўради.

11— Бу ерда ҳеч ким Худодан қўрқмайди, хотинимни тортиб олиш учун мени ўлдирадилар, деб ўйладим, — деди Иброҳим.

12— Бунинг устига, у ҳақиқатан ҳам менинг синглим, отамиз бир, лекин онамиз бошқа–бошқа бўлгани учун унга уйланганман.

13Худо мени отамнинг хонадонидан бегона юртларга саёҳатга олиб кетганда, хотинимга шундай деган эдим: “Қайси жойга борсак ҳам, мен тўғримда гапирганингда, у менинг акам, деб айтгин. Шунда менга содиқлигингни кўрсатган бўласан.”

14Шундан кейин Абумалек мол–қўйидан, қул ва чўриларидан Иброҳимга берди. Хотини Сорани ҳам қайтариб берди.

15— Мана, шоҳлигимга қарашли ерлар қаршингда турибди, — деди Абумалек. — Қаерда яшашни хоҳласанг, ўша жойни танлаб олавер.

16Сорага эса шундай деди: — Мана, акангга минг бўлак кумуш [3] билан товон тўлаяпман. Бу кумушлар ёнингдагиларга сенинг поклигингни исботлайди [4].

17[17-18] Эгамиз Сора туфайли Абумалекнинг хонадонидаги ҳамма аёлни туғмайдиган қилиб қўйган эди. Иброҳим Худога ибодат қилди. Худо Абумалекка шифо берди, шунингдек, унинг хотини ва чўриларига ҳам шифо бериб, уларни туғадиган қилди.

>