Ибтидо 28:1-22 UZV2013 - Bible AI

1Шундай қилиб, Исҳоқ Ёқубни чақиртириб, уни дуо қилди ва шундай маслаҳат берди: Канъонлик қизларга уйланма.

2Ҳозироқ Паддон–Орамга [1] — бобонг Батувалнинг хонадонига жўна. У ерда тоғанг Лобоннинг қизларидан бирортасига уйлан.

3Қодир Худо барака бериб, сени кўпайтирсин. Сенинг наслингдан кўп халқлар келиб чиқсин.

4Худо Иброҳимга ваъда қилган баракасини сенга ва сенинг наслингга ато қилсин. Биз ҳозир мусофир бўлиб яшаётган, Худо Иброҳимга берган шу юрт сенинг мулкинг бўлсин.

5Шундай қилиб, Исҳоқ Ёқубни жўнатди. Ёқуб Паддон–Орамга — Орамлик [2] Батувалнинг ўғли, тоғаси Лобонникига кетди.

6[6-7] Эсов эшитдики, отаси Ёқубни дуо қилиб, уни Паддон–Орамга жўнатибди, Ёқуб ота–онасининг гапларига итоат этиб, Паддон–Орамга кетибди. Отаси Ёқубга: “Ўша ердан уйлангин”, дебди, “Канъонлик қизларга уйланма”, деб огоҳлантирибди.

8Канъонлик хотинлари отасига ёқмаслигини Эсов тушуниб етди.

9Эсов амакиси Исмоилнинг хонадонига борди ва хотинлари устига, Иброҳим ўғли Исмоилнинг қизларидан бирига уйланди. Янги хотинининг исми Махалат эди. Махалатнинг Наваёт [3] деган акаси ҳам бор эди.

10Ёқуб Бэршэва шаҳридан чиқиб, Хорон [4] томонга қараб кетди.

11У бир жойга етиб келганда, кун ботган эди. Шунинг учун ўша ерда тунашга тўхтади. У бир тош топди–да, тошни бошининг остига қўйиб ухлагани ётди.

12Бир пайт у тушида бир нарвонни [5] кўрди. Нарвоннинг бир учи ерда, бир учи осмонга тегиб турармиш. Худонинг фаришталари нарвондан чиқиб, тушаётган эмишлар.

13Нарвоннинг ёнида [6]Эгамиз турган эмиш. Эгамиз Ёқубга шундай дебди:

13— Мен бобонг Иброҳимнинг, отанг Исҳоқнинг Худоси — Эгангман. Ҳозир сен ётган ер ўзингники бўлади. Бу ерни сенга ва сенинг наслингга бераман.

14Сенинг наслинг ернинг қуми сингари сон–саноқсиз бўлади. Улар шарқдан ғарбга, шимолдан жанубга қараб ер юзига ёйилиб кетадилар. Ер юзидаги ҳамма халқлар сен ва сенинг наслинг орқали барака топади.

15Шуни билгинки, Мен сен билан биргаман, қаерга бормагин, Мен сени сақлайман. Шу юртга сени яна қайтариб олиб келаман. Мен сени ҳеч қачон тарк этмайман, берган ваъдаларимни охиригача бажараман.

16Ёқуб уйғониб кетди ва: “Ҳақиқатан ҳам Эгамиз шу ерда экан, мен эса буни билмабман”, деди.

17У қўрқиб кетди: “Бу жой Худонинг уйи экан, осмонга очиладиган дарвозанинг ўзи! Нақадар қўрқинчли–я бу жой!” деди.

18Ёқуб саҳарда турди. Бошининг остига қўйган тошни олиб, ёдгорлик қилиб ўрнатди. Кейин ёдгорлик тошининг устидан Худога атаб зайтун мойи қуйди.

19Илгари бу жойнинг номи Луз эди. Ёқуб эса бу жойга Байтил [7], деб ном берди.

20Сўнг Ёқуб қуйидагича қасам ичди: “Агар Худо мен билан бирга бўлса, борадиган шу йўлимда мени асраса, менга ризқ–рўзимни ва кийим берса,

21отамнинг хонадонига эсон–омон қайтариб олиб келса, Эгам менинг Худойим бўлади.

22Мен ёдгорлик қилиб ўрнатган шу тош Худога сажда қиладиган жой бўлади. Худо менга берган ҳамма нарсанинг ўндан бирини албатта бераман.”

>