Ибтидо 3:1-24 UZV2013 - Bible AI

1Парвардигор Эгамиз ҳамма ёввойи ҳайвонларни ҳам яратган эди. Ўша ҳайвонлар орасида анча айёри илон эди. Илон хотиндан: — Ҳақиқатан ҳам Худо, боғдаги биронта дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтдими? — деб сўради.

2Хотин илонга: — Йўғ–э, биз боғдаги ҳамма дарахтларнинг мевасидан ейишимиз мумкин, — деб жавоб берди.

3— Лекин Худо, боғ ўртасидаги дарахтнинг мевасидан еманглар ҳам, тегманглар ҳам, есаларингиз ўласизлар, деб айтган.

4Илон эса хотинга: — Йўқ, ўлмайсизлар, — деди.

5— Чунки Худо биладики, сизлар бу мевалардан есаларингиз, кўзларингиз очилиб, сизлар ҳам барча яхши ва ёмон нарсаларни биладиган бўлиб, Худога [1] ўхшаб қоласизлар.

6Хотин қарасаки, ўша дарахт кўзга чиройли кўринади, мевалари жуда ейишли экан. Хотин: “Қани, энди мевалар менга донолик ато қилсайди”, деб орзу қилди. У дарахтнинг мевасидан олиб еди, кейин ёнида турган эрига ҳам берди. Эри ҳам еди.

7Ўша заҳоти икковининг ҳам кўзлари очилиб, улар яланғоч эканликларини англаб етдилар, анжир баргларини сонлари атрофига тизиб, ўзларига ёпинчиқ ясадилар.

8Оқшом пайти шабада эсиб турганда, иккови боғда Парвардигор Эгамизнинг юрганини билди. Одам ва хотини Парвардигор Эгамизнинг назаридан қочиб, боғдаги дарахтлар орасига яшириндилар.

9Парвардигор Эгамиз: “Қаердасан, эй, одам?” деб чақирди.

10Одам:

10— Мен боғда юрганингни билдим–у, яланғоч бўлганим учун қўрқиб, яшириндим, — деди.

11— Яланғоч эканингни сенга ким айтди? — деб сўради Худо. — Мен, еманглар, деб амр этган дарахтнинг мевасидан едингми?

12Одам жавоб берди: — Ўзинг менга берган хотин ўша дарахтнинг мевасидан менга олиб келган эди, мен ҳам едим.

13Шунда Парвардигор Эгамиз хотинга: — Бу нима қилганинг? — деди. — Илон мени алдади, мен мевадан едим, — деди хотин.

14Парвардигор Эгамиз илонга шундай деди:
“Шу қилмишларинг учун Лаънати бўлгайсан барча жонзотлар орасида Ва жамики ёввойи ҳайвонлар орасида. Қорнинг билан судралиб юргайсан, Умринг бўйи тупроқ егайсан.

15Душманлик пайдо қиламан сен билан хотин ўртасида, Сенинг зотинг билан унинг зоти орасида. Унинг зоти эзиб ташлайди сенинг бошингни, Сен чақиб оласан унинг товонини.”

16Хотинга эса шундай деди:

16 “Ҳомиладорлигингда ғоят азоб бераман, Машаққат ила бола туғасан. Аммо эрингни қўмсайверасан, Эринг эса ҳоким бўлади сенинг устингдан.”

17Парвардигор Эгамиз одамга шундай деди:

17 “Хотинингнинг гапига кирганинг учун, Мен, ема, деб тақиқлаган мевани еганинг учун, Сен туфайли ерни лаънати қилдим. Бутун умринг бўйи тимдалаб ерни, Ердан ўтказасан тирикчилигингни.

18Ернинг ҳосили емишинг бўлса ҳам, Ер сен учун тиканлару қушқўнмас [2] ўстиради.

19Сен тупроқдан яралгансан, То тупроққа қайтгунингга қадар, Пешана теринг билан нон ейсан. Зеро, сен тупроқдирсан Ва тупроққа қайтасан.”

20Хотин жамики инсонларнинг онаси бўлгани учун, Одам Ато [3] унга Момо Ҳаво [4], деб исм берди.

21Одам Ато ва унинг хотини учун Парвардигор Эгамиз теридан кийим–кечак ясаб, уларни кийинтириб қўйди.

22Кейин Парвардигор Эгамиз шундай деди: “Мана, инсон ҳамма нарсани — яхшилик ва ёмонликни билиб, бизнинг биттамизга ўхшаб [5] қолди. Энди у қўлини узатиб, ҳаёт ато этувчи дарахт мевасидан ҳам олмасин, мевани еб, абадий яшайдиган бўлиб қолмасин.”

23Шу сабабдан Парвардигор Эгамиз Одам Атони ва Момо Ҳавони Адан боғидан чиқариб юборди. У Одам Атони ернинг тупроғидан ясаган эди, унга яна ўша ерни ишлашга берди.

24У Одам Атони ҳайдаб юборгандан кейин, ҳаёт дарахтига борадиган йўлни қўриқлаш учун Адан боғининг шарқ томонига қанотли мавжудотлар — карубларни ва доимо айланиб турадиган алангали қилични ўрнатди.