Ибтидо 35:1-29 UZV2013 - Bible AI

1Худо Ёқубга деди: — Қани, отлан, Байтилга кўчиб кет, ўша ерда жойлашиб, қурбонгоҳ ўрнат. Сен аканг Эсовдан қочиб кетаётганингда, Мен у ерда сенга зоҳир бўлган эдим [1].

2Ёқуб хонадонидагиларга ва ёнидагиларга айтди: — Бегона худоларингизни йўқотинглар, ўзларингизни поклаб, тоза кийимларингизни кийинглар.

3Энди бу ердан кетиб, Байтилга борамиз. У ерда мен Худога қурбонгоҳ қураман. Кулфатда қолганимда, Худо менга мадад берган эди. Қаерга борсам, У мен билан бирга бўлди.

4Ҳаммалари бегона худоларини, зиракларини [2] Ёқубга беришди. Ёқуб бу нарсаларни Шакам яқинидаги эман дарахтининг [3] остига кўмди.

5Ёқуб хонадонидагиларини бошлаб йўлга тушганда, Худо бутун атрофдаги шаҳарлар аҳолисига қўрқув юборди. Шунинг учун ҳеч ким уларни таъқиб қилмади.

6Ниҳоят, Ёқуб бутун хонадонидагиларни бошлаб Луз шаҳрига етиб келди. (Луз ҳозир Байтил, деб юритилади.)

7Ёқуб бу ерда бир қурбонгоҳ қуриб, бу жойни Байтилнинг Худоси [4], деб атади. Ёқуб акасидан қочиб кетаётганда, Худо Ўзини унга шу ерда зоҳир қилган эди.

8Улар шу ерда турганларида, Ривқонинг энагаси [5] Добира вафот қилди. Уни Байтилнинг ёнидаги эман дарахти остига дафн қилдилар. Ўшандан буён бу дарахт Йиғи дарахти [6], деб юритилади.

9Ёқуб Паддон–Орамдан [7] қайтиб келгандан кейин, Худо унга яна зоҳир бўлди ва унга марҳамат кўрсатиб, деди:

10“Сенинг исминг Ёқуб, лекин бундан кейин сени Ёқуб [8], деб чақирмайдилар, сенинг исминг Исроил [9] бўлади.” Шунинг учун у Исроил, деб ном олди.

11Худо шундай деди: — Мен Қодир Худоман, баракали бўл, наслинг кўп бўлсин. Буюк халқ, ҳатто кўп халқлар сендан пайдо бўлади. Сен шоҳларнинг бобоси бўласан.

12Мен Иброҳимга ва Исҳоққа ваъда қилган юртни сенга бераман. Сендан кейин бу ерни наслингга бераман.

13Шундан кейин Худо Ёқубга гапирган жойидан кетди,

14Ёқуб ўша жойга ёдгорлик тоши ўрнатди. Сўнгра ёдгорлик тоши устига Худога атаб шароб ва зайтун мойи қуйди.

15Ёқуб бу жойга Байтил [10], деб ном берди.

16Ёқуб билан унинг оиласи Байтилдан чиқиб, Эфрат томон йўл олдилар. Улар Эфратга ҳали етиб бормасдан, Роҳиланинг кўзи ёрийдиган пайти келди, уни қаттиқ тўлғоқ тутиб қолди.

17Роҳила тўлғоқдан кўп азоб чеккандан кейин, ниҳоят, дояси: “Қўрқма, яна ўғил туғдинг”, деди.

18Роҳила жон бераётганда, охирги нафасда ўғлининг исмини Бенўн, деб қўйди. Отаси эса унга Бенямин [11], деб исм қўйди.

19Шундай қилиб, Роҳила вафот этди ва Эфрат йўлида дафн қилинди. (Эфрат ҳозир Байтлаҳм [12], деб юритилади.)

20Ёқуб Роҳиланинг қабрига ёдгорлик тоши ўрнатди. Бу тош шу кунгача [13] бор.

21Шундан кейин Ёқуб [14] яна кўчиб, Эдер минораси ортида чодирини тикди.

22Ёқуб ўша ерда яшаётганда, Рубен отасининг чўриси [15] Билхахнинг ёнига кирди [16]. Ёқуб буни эшитиб қолди. Ёқубнинг ўн иккита ўғли бор эди:

23Леахдан туғилган ўғиллари — Рубен (Ёқубнинг тўнғич ўғли), Шимўн, Леви, Яҳудо, Иссахор ва Забулун.

24Роҳиладан туғилган ўғиллари — Юсуф билан Бенямин.

25Роҳиланинг чўриси Билхахдан туғилган ўғиллари — Дан билан Нафтали.

26Леахнинг чўриси Зилподан туғилган ўғиллари — Гад билан Ошер.
Ёқубнинг Паддон–Орамда туғилган ўғиллари ана шулар эди.

27Ёқуб Мамрега — Хират–Арбага отасининг уйига келди. (Хират–Арба ҳозир Хеврон, деб юритилади.) Иброҳим ва Исҳоқ Хевронда истиқомат қилиб турган эдилар.

28Исҳоқ 180 йил умр кўрди.

29У кексайиб, ёшини яшаб оламдан ўтди. Ўғиллари Эсов билан Ёқуб уни дафн қилишди.

>