Ибтидо 39:1-23 UZV2013 - Bible AI

1Исмоилий савдогарлар Юсуфни Мисрга олиб келишгач, уни Мисрлик Пўтифар деган бир одамга сотишди. Пўтифар фиръавннинг аъёнларидан бири бўлиб, қўриқчилар бошлиғи эди.

2Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унга кўп омад келтирарди. Юсуф Мисрлик хўжайинининг хонадонида хизмат қилиб юраверди.

3Пўтифар кўрдики, Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, ҳар бир қилган ишида унга омад беряпти.

4Шундай қилиб, Юсуф хўжайинининг илтифотига сазовор бўлди, хўжайинининг мулозими бўлиб қолди. Пўтифар Юсуфни ўз хонадони устидан назоратчи қилиб, бутун мол–мулкини унга ишониб топширди.

5Пўтифар Юсуфни назоратчи қилиб тайинлагани учун Эгамиз Юсуф туфайли Пўтифарнинг хонадони аҳлига, унинг уйидаги ва даласидаги бутун мол–мулкига барака берди.

6Шундай қилиб, Пўтифар бутун мол–мулкини Юсуфнинг ихтиёрига қолдирди. Пўтифарнинг ейдиган овқатидан бошқа ҳеч нарса билан иши бўлмасди.

6Юсуф жуда чиройли, келишган йигит эди.

7Орадан маълум вақт ўтгач, хўжайинининг хотини Юсуфга кўзларини сузиб: “Мен билан бирга бўл”, деб таклиф қилди.

8Лекин Юсуф рад қилди ва хўжайинининг хотинига деди:

8— Ўзингиз ўйлаб кўринг, мен бу ерда бўлганим учун, хўжайиним хонадонидаги ҳеч бир нарса тўғрисида қайғурмайди, ҳамма нарсасини менинг қўлимга топшириб қўйди.

9Бу хонадонда ҳеч ким мендан катта эмас. Сиздан бошқа бирор нарсани мендан аямади. Чунки сиз унинг хотинисиз. Қандай қилиб мен шу қадар қабиҳлик қилиб, Худога қарши гуноҳ қиламан?!

10Пўтифарнинг хотини ҳар куни Юсуфга таклиф қилса ҳам, лекин Юсуф рад қилиб, у билан бўлмади.

11Бир куни Юсуф ўз ишларини бажариш учун уйга кирди. Уйда хизматкорлардан биронтаси ҳам йўқ эди.

12Аёл Юсуфнинг кийимидан ушлаб: “Мен билан бўл!” деди. Лекин Юсуф ташқарига қочиб чиқиб кетди. Юсуфнинг кийими эса аёлнинг қўлида қолди.

13Аёл кўрдики, Юсуф кийимини унинг қўлида қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.

14Шунда аёл уйдаги хизматкорларни чақирди. Аёл ҳўнграб деди:

14— Қаранглар! Манави ибронийни эрим, сизларни таҳқирласин, деб олиб келган экан! У мен билан ётгани кирган экан, овозим борича бақирдим.

15Додлаганимдан кейин, кийимини ёнимда қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.

16Хўжайин уйга келгунча, аёл Юсуфнинг кийимини ўзида сақлаб турди.

17Аёл эрига ҳам ўша воқеани айтиб берди: “Сиз уйимизга олиб келган анави иброний қулваччаси хонамга кириб, мени таҳқирламоқчи бўлди.

18Мен дод солган эдим, у кийимини ёнимда қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.”

19Пўтифар хотинидан Юсуфнинг қилган муомаласини эшитгач, ғазабланди.

20Пўтифар Юсуфни ушлаб, шоҳнинг маҳбуслари сақланадиган зиндонга ташлади. Шундай қилиб, Юсуф зиндонда қолаверди.

21Лекин Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унга иноят кўрсатарди. Натижада зиндонбоши Юсуфга илтифот қиларди.

22Зиндонбоши зиндондаги ҳамма маҳбусларга қараб туришни Юсуфга юклаб қўйди, зиндонда бўладиган ҳамма ишларга Юсуф масъул эди.

23Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унинг ҳамма ишларига омад берар эди. Шунинг учун Юсуф масъул бўлган ишларга зиндонбоши аралашмасди.

>