Ибтидо 49:1-33 UZV2013 - Bible AI

1Ёқуб ўғилларини ҳузурига чорлаб деди: “Ёнимга келинглар, келгусида сизларга нима бўлишини айтай.

2Келинг, қулоқ солинг, эй, Ёқуб ўғиллари, Эшитинг отангиз Исроилнинг сўзларини.

3Рубен, сенсан менинг тўнғичим, Қувватимнинг илк меваси, ҳам қудратим, Шуҳрату қудратда юксаги сенсан.

4Лекин денгиз тўлқинидай бетизгинсан, Бундан кейин асло устун бўлмайсан. Отангнинг ётоғига сен кирдинг, Тўшагимга чиқиб, уни булғадинг [1].

5Шимўн билан Леви ҳамтовоқлардир, Жабр–жафо қуроли қиличларидир [2].

6Ҳеч қачон шерик бўлмасман уларнинг фитналарига, Асло қўшилмасман уларнинг йиғинларига. Улар ғазаб ила ўлдирдилар инсонларни, Роҳатланиш учун майиб қилдилар ҳўкизларни.

7Лаънат бўлсин уларнинг раҳмсиз ғазабига, Лаънат бўлсин уларнинг беаёв зулмларига! Тарқатиб юбораман уларни ҳар томонга, Ёқубнинг юртида — Исроилнинг юртида.

8Эй, Яҳудо [3], сени мадҳ этар биродарларинг, Ғанимларинг гарданида бўлар қўлларинг. Сенга таъзим қилишар отангнинг ўғиллари.

9Яҳудо шернинг боласига ўхшар, Ўғлим, овдан қайтиб келдинг сен, Шердек чўкиб, чўзилиб ётарсан. Сени уйғотмоққа ким журъат этар?!

10Яҳудонинг қўлидан кетмас салтанат ҳассаси, Унинг наслида қолар салтанат тамғаси, Халқлар унга ўлпон келтирарлар [4], Унга итоат этиб таъзим қиларлар.

11Эшагини у доим боғлайди токка, Хўтикчани — ток новдасига. Шаробда ювади кийимларини Аъло шаробда — кўйлакларини [5].

12Шаробдан ҳам қора кўзлари, Сутдан ҳам оппоқ тишлари [6].

13Забулун ўрнашади денгиз бўйида, Кемаларга у бандаргоҳ бўлажак. Унинг чегараси Сидонгача [7] боражак.

14Иссахор қўрада [8] ўрнашиб ётган, Кучли эшакка ўхшар.

15Кўрсаки, ўрнашган ери нақадар яхши, Жуда ёқимли экан бу жойлар. Юкни кўтармак чун елкасин тутди, Оғир меҳнатга у қул бўлиб қолди.

16Исроил қабиласининг биттаси бўлиб, Дан [9] ўз халқини ҳукм қилади.

17Дан йўлда ётган бир илон бўлади, Сўқмоқда чўзилиб ётган заҳарли илон. Отларнинг тўпиғини у чақиб олар, Чавандоз йиқилар, чалқанча тушар.

18Сендан нажот кутарман, эй, Эгам! [10]

19Гадни [11] талаб кетади босқинчилар, Гад уларнинг изидан бостириб борар.

20Ошер тансиқ таом етиштирар, Шоҳона ноз–неъматлар тайёрлар.

21Нафтали озод юрган оҳуга ўхшар, Ажойиб оҳучалар дунёга келтирар [12].

22Юсуф ўхшар серҳосил токка — Булоқ бўйидаги серҳосил узумга. Унинг новдалари девордан ошиб ўтар [13].

23Раҳмсиз камончилар унга ҳужум қилишди, Ўқ отишди унга, қаттиқ сиқишди.

24Лекин Юсуфнинг камони таранг тортилди, Унинг қўллари ҳам чаққонлашди Ёқубнинг Қудратли Худоси кучи туфайли, Исроилнинг Чўпони, Қояси туфайли.

25Отангнинг Худоси сенга мадад бергай, Қодир Худо сенга марҳамат кўрсатгай Юқоридаги осмон баракалари ила, Ер қаъридан чиққан сувнинг баракалари ила, Она кўкрагию пуштининг баракаси ила.

26Абадий тоғлар баракасидан [14] ҳам, Ва қадим тепаликлар неъматидан ҳам, Отангнинг дуолари кучлидир. Бу баракалар Юсуфга насиб этур, Биродарлари ичра у йўлбошчи бўлур.

27Бенямин оч бўрига ўхшар, Сабоҳда у ўлжасини ямлаб ютар, Оқшомда у топганини бўлишар.”

28Исроилнинг ўн икки қабиласи ана шулар бўлиб, отаси уларни дуо қилганда, юқоридаги сўзларни айтган эди. Ҳар бирини ўзига лойиқ тарзда дуо қилди.

29Шундан сўнг Ёқуб ўғилларига васият қилди: — Менинг куним битиб боряпти. Мени Хет халқидан Эфрўннинг даласидаги ғорга — ота–боболарим ёнига дафн қилинглар.

30Ўша ғор Канъон юртида, Мамре шарқида жойлашган Махпаладаги далада. Иброҳим бу далани Эфрўндан қабристон учун сотиб олган.

31У ерга бобом Иброҳим билан бувим Сора дафн қилинган [15], Отам Исҳоқ билан онам Ривқо ҳам у ерга дафн қилинган. У ерга мен Леахни дафн қилганман.

32Бобом Иброҳим Хет халқидан [16] сотиб олган ғор ўшадир.

33Ёқуб ўғилларига васият қилиб бўлгач, яна тўшагига ётди–ю, жони узилиб, ота–боболари ёнига кетди.

>