Ибтидо 6:1-22 UZV2013 - Bible AI

1Ер юзида инсонлар борган сари кўпая бошлади. Қизлар ҳам туғилган эди.

2Илоҳий зотлар [1], бу қизлар [2] чиройли экан, деб ёқтирганларини ўзларига хотин қилиб олавердилар.

3Шунда Эгамиз айтди: “Мен ато этган Руҳ [3] инсонлар билан абадий қолмайди [4], чунки улар ўладиган жонлардир [5]. Келгусида улар 120 йил умр кўрсин.”

4Ўша кунларда, ундан кейин ҳам бу оламда улкан паҳлавонлар [6] яшади. Илоҳий зотлар билан аёл зотидан [7] туғилган бу паҳлавонлар қадимги даврнинг буюк қаҳрамонлари, машҳур жангчилари бўлган эдилар.

5Эгамиз кўрдики, ер юзида инсон зоти қилаётган қабиҳликлар жуда ҳам кўп экан. Уларнинг кўнглида фақат қабиҳ ният бор экан.

6У ер юзида инсонларни яратганидан пушаймон бўлди, юракдан афсусланди.

7Эгамиз айтди: “Ўзим яратган инсон зотини ер юзидан қириб юбораман. Мен инсон билан бирга ҳайвонларни, судралиб юрувчи жониворларни, ҳашаротларни, қушларни ҳам қираман, уларни яратганимдан пушаймон бўляпман.”

8Фақат Нуҳ Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлган эди.

9Нуҳнинг насл–насаби тарихи қуйидагичадир.
Ўша даврда ер юзидаги солиҳ, бенуқсон одам фақат Нуҳ бўлиб, Худога ҳамроҳ бўлиб яшарди.

10Нуҳнинг Сом, Хом, Ёфас деган учта ўғли бор эди.

11Эндиликда ер юзи Худонинг олдида ахлоқсизликка, зўравонликка тўлиб–тошиб кетган эди.

12Худо кўрдики, олам бузилиб кетган, ер юзидаги жамики инсоният йўлдан озган эди.

13Худо Нуҳга айтди: “Мен бутун ер юзидаги инсонларни қириб ташлашга қарор қилдим. Чунки ер юзи уларнинг дастидан зўравонликка тўлиб–тошди. Энди уларни бутун ер билан бирга йўқ қилмоқчиман.

14Ўзингга яхши қаттиқ ёғочдан [8] кема яса, кеманинг ичида хоналар ҳам ясаб, кеманинг ичи–ташини қора сақич билан суваб чиқ.

15Кеманинг узунлиги 300 тирсак, кенглиги 50 тирсак, баландлиги 30 тирсак [9] бўлсин.

16Кеманинг томини ясаганингда, том билан кеманинг девори оралиғида бир тирсак [10] очиқ жой қолдир [11]. Эшигини кеманинг ён томонидан яса. Кемани уч қаватли қилиб яса.

17Мен ер юзини тўфонга бостириб, ҳар қандай тирик жонзотни қириб ташлайман. Ер юзидаги ҳамма нарса нобуд бўлади.

18Сен билан эса Мен аҳд қиламан. Сен кема ичига кирасан, сен билан бирга ўғилларинг, хотининг, келинларинг ҳам киради.

19Ҳайвонларнинг ҳар бир туридан бир жуфтдан — эркаги ва урғочисидан кема ичига ўзинг билан олиб кирасан, токи тўфон пайтида улар сен билан бирга тирик қолсин.

20Қушларнинг, ҳайвонларнинг, судралиб юрувчи жониворларнинг ва ҳашаротларнинг ҳар бир туридан жуфт–жуфт қилиб, ўзинг билан олиб кирасан, токи улар тирик қолсин.

21Ўзинг билан озиқ–овқатларнинг ҳар бир туридан ғамлаб ол. Озиқ–овқатлар оиланг билан барча жонзотларга егулик бўлади.”

22Нуҳ ҳамма нарсани Худо амр этгандай қилди.