Ишаё 1:1-31 UZV2013 - Bible AI

1Омиз ўғли Ишаёнинг Яҳудо [1] ҳамда Қуддусга оид башорати. Бу даврларда Яҳудода Уззиё, Йўтом, Охоз ва Ҳизқиё каби шоҳлар ҳукмронлик қиларди [2].

2Эшитинг, эй самолар, тингла, эй замин, Шудир Эгамизнинг каломи: “Бино қилдим болаларни [3], улғайтирдим уларни, Аммо улар исён қилдилар Менга.

3Ҳўкиз билади ўз эгасини, Ҳатто эшак билар ким уни боқишини, Аммо халқим Исроил билмайди, Улар тушунмайди Мени, ўз Эгасини.”

4Эҳ, гуноҳкор элат, айби муқаррар халқ, Эҳ, қабиҳ насллар! Номуссизларча иш қилар бу болалар, Эҳ, Эгамизни тарк этган улар, Исроил халқининг муқаддас Худосига Шаккоклик қилган, Эгамизга орқа ўгирган улар!

5Эгам айтар: “Нега яна мунча калтак истайсиз?! Не учун исённи давом эттирурсиз?! Яраланган бутун бош, Мадордан кетган бутун юрак.

6Бошдан оёқ соғ жойи йўқ, Йиринг ила қопланган, кўкариб кетган, Яраларидан қон оқиб ётар, Тозаланмаган, боғланмаган, ёғ суртилмаган.

7Вайроналар ичра ётар юртингиз, Оловда ёниб кетган шаҳарларингиз! Олдингизда ерингизни Еб битирар келгиндилар, Бегоналар юртингизни вайрон қилар [4].

8Аммо азиз Қуддус [5] Қамал қилингандай бўлар, У ўхшаб қолар Узумзордаги ёлғиз чайлага, Полизда тиккайган капага.”

9Эҳ, агарда Сарвари Олам Қолдирмаганда эди беш–олтитамизни, Садўм шаҳрига ўхшаб қолган бўлардик, Ғамўра шаҳрига [6] ўхшаган бўлардик.

10Эгамизнинг каломини эшитинг, Садўм йўлбошчиларининг издошлари! Худойимизнинг ўгитига қулоқ солинг, Ғамўра халқининг шериклари!

11“Нима кераги бор Менга?! Кўплаб қурбонлигингиз?! Тўйиб кетдим энди Куйдирилган қўчқорлар назри, Бўрдоқи ёғларидан, — деб айтмоқда Эгамиз. — Менга хуш келмади буқаларнинг, Қўзилар ва эчкиларнинг қони.

12Ҳузуримда ҳозир бўлганингизда, Муқаддас Ҳовлимни булғасин, деб ким айтди? Буларни сизлардан ким сўради?!

13Энди сохта назрлар қилманглар Менга, Тутатқингиз ҳам Менга жирканчдир! Тоқат қилмасман энди Чорловларингизни, фосиқ йиғинингизни, Янги ой байрамию Шаббат кунингизни.

14Нафратландим янги ой байрамингиздан Ҳамда ‘муқаддас’ кунларингиздан. Булар Менга оғир юк бўлди, Толиққанман буларни кўтаришдан.

15Ҳатто кўп ибодат қилганингизда ҳам, Эшитмасман Мен сизларни. Менга очганингизда қўлларингизни, Сизлардан яшираман Мен кўзларимни. Қўлларингиз қонга ботгандир.

16Покланг, тозаланг ўзингизни, Кўз олдимдан йўқотинг! Қабиҳ қилмишларингизни, Қабиҳликни энди бас қилинг!

17Ўрганинг эзгулик қилишни, Адолатни изланг, Йўлга солинг золимни [7], Ҳимоя қилинг етимни, Бева ҳақи учун курашинг.”

18Эгамизнинг каломи шудир: “Қани, энди биргалашиб ўйлайлик: Гуноҳларингиз қизил рангга ўхшаса ҳам, Сизлар қордай оппоқ бўласиз. Гуноҳларингиз қирмизи рангга ўхшаса ҳам, Сизлар момиқдай оппоқ бўласиз.

19Агар Менга итоат этсангиз чин кўнгилдан, Ейсиз, албатта заминнинг сара ҳосилидан.

20Аммо рад этиб, Менга бўйсунмасангиз, Қиличнинг дамига рўпара бўлгайсиз.” Эгамизнинг Ўзи шундай деб айтди.

21Қандай қилиб содиқ шаҳар фоҳишага айланди?! Солиҳлик жойлашиб, адолатга тўла бўлмаганмиди?! Энди эса бу ерда қотиллар қолди!

22Кумушинг тошқол [8] бўлди, Шаробинг сув билан аралашди.

23Ҳа, исёнкордир йўлбошчиларинг, Ўғриларга шерикдир улар. Ҳар бири порани севар, Ҳадянинг ортидан қувар. Етимни улар ҳимоя қилмас, Беванинг арзи уларга етиб бормас.

24Энди Исроил халқининг қудратли Худоси, Сарвари Олам — Раббий айтади: “Ҳа, душманларимга ғазабимни сочарман, Ғанимларимдан ўч олиб, тасалли топарман.

25Яна сизларга қарши қўл кўтараман. Ишқор билан тозалагандай, Жамики қоришмани йўқ қилиб, Тошқолларни ажратаман.

26Азалда бўлганидай Одил ҳакаму маслаҳатчиларни бераман. Шундан сўнг сенга ном қўйилар: ‘Солиҳлик шаҳри, Садоқат шаҳри’, дея.”

27Шунда Қуддус адолат орқали қутқарилади, Тавба қилганлар солиҳлик туфайли нажот топади.

28Исёнкору гуноҳкорлар бирга қирилади, Эгамиздан воз кечганлар ҳалок бўлади.

29Сизлар шарманда бўларсиз Ўзингиз хуш кўрган эманлар сабабли. Мана, уялиб қоларсиз Ўзингиз танлаган саждагоҳ боғлар [9] туфайли.

30Ҳа, сизлар ўхшаб қоласиз Япроғи қовжираган эманга, Ҳамда сувсиз қақраган боққа.

31Кучлилар ҳам чўпга ўхшаб қолади. Ишлари лов этган оловга ўхшайди. Ўзларию ишлари бирга ёниб кетади, Ҳеч ким бу оловни ўчиролмайди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>