Ишаё 11:1-16 UZV2013 - Bible AI

1Эссайнинг [1] томиридан новда ўсиб чиқади, Ҳа, унинг илдизидан кўчат ёйилади.

2Унинг устида бўлади Эгамизнинг Руҳи. Бу донолик ҳамда ақл–идрок, Насиҳат ва куч–қудрат Руҳидир, Эгамизни билиш ва Ундан қўрқув Руҳидир.

3Ўша Эссай фарзанди Эгамиздан қўрқишдан завқ олар, Ҳукм қилмас кўзлари кўргани ила, Ажрим қилмас эшитганлари ила.

4У адолат ила бечорани ҳукм қилади, Тўғрилик ила ер юзи мазлумларини ажрим қилади. Бир оғиз сўзи билан золимни жазолайди, Нафаси ила фосиқни ўлдиради.

5Адолат унинг белидаги камар бўлади, Ҳаққоният унинг белидаги белбоғ бўлади.

6Шунда бўри қўзи билан яшар, Сиртлон билан улоқча бирга ётар, Бузоқ, шер, бўрдоқи биргадир, Ёш бола уларни етаклаб юрар.

7Сигир билан айиқ бирга ўтлайди, Болалари ҳам бирга ётади, Шер ҳўкизга ўхшаб сомонни ейди.

8Гўдак қора илон уяси устида ўйнар, Чақалоқ қўлини илон инига суқар.

9Муқаддас тоғимнинг [2] гир атрофида Улар зарар келтирмас ё чақмас. Ҳа, сувлар тўлдирганидай денгизни, Ер юзи тўлиқ билади Эгамизни.

10Мана, Эссайнинг илдизидан чиққан [3] шоҳ ўша куни халқларга байроқ бўлиб туради. Элатлар уни излаб келадилар, Унинг маскани улуғворликка тўлади.

11Ўша куни Раббий қўлини иккинчи марта узатади. У Ўз халқидан қолганларини қутқаради. Уларни Оссуриядан, Мисрнинг шимолий ва жанубий ҳудудларидан [4], Ҳабашистондан [5] йиғиб келади. Эламдан [6], Бобилдан [7], Хоматдан [8] ва денгиз соҳилларидан олиб келади.

12Элатларга У белгисини кўрсатиб, Исроилнинг қувилганларини тўплайди. Ер юзининг тўрт бурчагидан йиғади Яҳудонинг тарқалиб кетганларини.

13Эфрайимнинг [9] ҳасадгўйлигини қирқади, Яҳудонинг хусуматини тўхтатади, Эфрайим Яҳудога ҳасад қилмас, Яҳудо Эфрайимга хусумат қилмас.

14Ғарбда улар филистларга чангал солади, Биргаликда Шарқ халқини талайди, Эдом, Мўаб [10] уларга бўйин эгади, Оммон халқи [11] тиз чўкади.

15Эгамиз тамомила қириб юборар Қизил денгизнинг қўлтиғини [12]. Фурот дарёсига қарши қўл кўтаради. Гармсел келтириб, жизғанак қилиб, Дарёни етти саёз ирмоққа бўлиб ташлайди, Ирмоқлардан бир–бир ҳатлаб ўтса бўлади.

16Ҳа, Исроил Мисрдан чиққанда, Уларга йўл очилганидай Эгамизнинг халқидан қолганларга Оссуриядан катта йўл очилади.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>