Ишаё 14:1-32 UZV2013 - Bible AI

1Аммо Ёқуб хонадонига Эгам шафқат қилади, У яна Исроил хонадонини танлаб олади. Ёқуб наслига ўз ерида ором беради, Бирлашади мусофирлар улар билан, Қўшилади Ёқуб хонадони билан.

2Халқлар ўз юртларига Исроилни бошлаб боради, Улар Исроил хонадонининг мулки бўлади. Исроил Эгамнинг ерида халқларни қул, чўри қилади. Ўзини асир қилганларни Исроил халқи асир қилади, Золимлар устидан у ҳукмронлик қилади.

3Эгам сизни қайғу, қий–чувдан қутқарганда, сизга азоб берган оғир ишдан халос қилганда,

4Бобил шоҳига қарши бу сўзларни қўллайсиз:
Зўравон [1] тамом бўлди–я!

4“Мана, золимнинг куни битди–я!

5Эгам синдирди фосиқларнинг таёғини, Ҳукмдорларнинг ҳассасини!

6Бу ҳасса халқларни роса урарди, Тўхтовсиз калтакларди, Халқларга ғазаб ила ҳукмронлик қиларди, Шафқат қилмай таъқиб қиларди.

7Жамики замин тинч, осуда, Улар севинч ила қўшиқ айтмоқда.

8Ҳатто сарв дарахтлари ҳалокатингдан мамнун, Лубнон садрлари ҳам айтар: ‘Энди сен чуқурда ётибсан, Ҳеч ким бизни кесгани келмас.’

9Ўликлар диёри [2] жонланиб қолди: Ана, келди, кутиб олайлик, дея. Қара, уйғонди сени деб Ер юзи йўлбошчиларининг руҳлари. Тахтларидан оёққа қалқиди Жамики халқларнинг шоҳлари.

10Эй Бобил шоҳи! Ҳаммалари сенга қараб айтади: ‘Ҳатто сен ҳам биздай ночор бўлдинг–а, Бизнинг кунимиз тушди сенинг бошингга.’

11Улуғворлигинг, кайфу сафолар товуши Улоқтирилди ўликлар диёрига! Остингдаги қуртлар кўрпачангдир, Чувалчанглар сенинг тўшагингдир.

12Қандай қилиб тушиб кетдинг самодан, Эй Зуҳра юлдуз, Тонг ўғли?! Халқларни ерга улоқтирган эдинг! Ерга қулаб тушдинг–ку ўзинг!

13Ҳа, ўзингча айтган эдинг: ‘Мен чиқиб бораман самоларга, Тахтимни кўтараман Худонинг юлдузлари тепасига. Ўтираман худолар йиғиладиган тоғда, Шимолнинг энг чеккасида.

14Булутлар тепасига чиқиб бораман, Худойи Таолодай бўламан.’

15Аммо сен улоқтирилгансан ўликлар диёрига, Чуқурликнинг туб–тубига.

16Кўрганлар сенга тикилиб қолади, Кўнгилларида шундай ўй кечади: ‘Ўша одамми бу заминни титратган, Шоҳликларни ларзага солган?!

17Шуми оламни саҳрога айлантирган?! Шаҳарларни ер билан яксон қилган, Асирларни қўйиб юбормаган?!’

18Ўзларининг қабрларида ҳар бири, Халқларнинг шоҳи бўлганларнинг ҳаммаси Ҳурмат билан ётибди.

19Аммо сен улоқтирилгансан Жирканч чирик шохчадай қабрингдан. Тош чуқурга тушадиган жасадлар, Қиличдан қулаган жасадлар Бўлар сенинг кафанинг.

20Ахир, ўз юртингни вайрон қилгансан, Халқингни ўзинг ўлдиргансан. Энди улар қатори дафн қилинмассан. Эй фосиқ, сенинг наслинг То абад тилга олинмас!

21Отасининг [3] гуноҳлари учун Ўғилларини жаллодга топширинг. Улар асло кўтарилмас. Энди ерга эгалик қилмас, Ер юзида шаҳарлар барпо қилмас.”

22Қуйидагилар Сарвари Оламнинг сўзидир. “Мен Бобилга қарши қўзғаламан. Мен Бобилдагиларнинг номини ҳам, қолган–қутганини ҳам, уруғ–аймоғини ҳам йўқ қиламан”, — деб айтмоқда Эгамиз.

23“Мен Бобилни типратиканларга мулк қилиб бераман. Уни ботқоққа айлантираман. Харобазор қилиб, супуриб ташлайман”, — деб айтмоқда Сарвари Олам.

24Сарвари Олам онт ичиб айтди:
“Ҳа, Менинг белгилаганим бажо бўлади, Менинг режалаштирганим юз беради.

25Оссурия халқини Ўз еримда синдираман, Тоғларимда уни оёқ ости қиламан. Унинг бўйинтуруғи юртимдан олинади, Юки Исроилнинг елкаларидан улоқтирилади.

26Бутун олам учун шу режани туздим, Бутун халқларга қарши қўлимни кўтардим.”

27Сарвари Олам режа қилган! Қани, буни ким бекор қила олади?! Унинг қўли кўтарилган! Қани, уни ким ортига қайтара олади?!

28Шоҳ Охоз вафот этган йили [4] бу башорат аён қилинди:

29“Бизни урган таёқ [5] синди”, деб Севинмангиз, эй Филистлар! Ахир, илоннинг тухумидан қора илон чиқади! Унинг боласи ваҳимали аждар бўлади!

30Мана, қашшоқларнинг тўнғичи тўйяпти, Муҳтожлар эсон–омон ётибди. Аммо сизнинг илдизингизни очликдан қуритаман, Қолган–қутганларингиз эса қирилиб кетасиз.

31Эй Филистлар, ҳаммангиз Азадан адойи тамом бўласиз. Фарёд қил, эй дарвоза! Йиғла, эй шаҳар! [6] Шимолдан [7] уруш ҳиди чиқаётир, Ўша лашкар сафдан чиқмай келаётир.

32Халқларнинг элчиларига қандай жавоб берилар? “Эгамиз Қуддусни [8] барқарор қилди. Ўз халқи орасида муҳтож бўлганлар У ерда паноҳ топади”, — жавоб шудир.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>