1Мўаб [1] ҳақида башорат. Вайрона бўлди тунда, Мўабдаги Ор шаҳри нидосиз ётар. Вайрона бўлди тунда, Мўабдаги Хир шаҳри [2] нидосиз ётар.
2Мўаб халқи ўз худосининг уйига чиқди фарёд қилгани, Ҳа, Дибонликлар саждагоҳига чиқди нола қилгани. Ҳар бирининг боши қирилган, Ҳар бирининг соқоли олинган, Наво ва Мидаво шаҳарлари учун Мўаб нола чекар.
3Кўчаларда халқ қанорга ўранган [3]. Томларда, хиёбонларда фарёд қилиб, Ҳаммаси кўз ёшларини тўкар.
4Хашбон, Элалей аҳли фарёд чекар, Уларнинг овози Яхазгача эшитилар. Мўабнинг қуролланганлари фарёд этар, Улар қўрқувдан қалтирар.
5Юрагим Мўаб учун фарёд қилади, Қочоқлар қочиб борар Зўварга, Эглат–Шалишиё шаҳрига. Лухит тепалигига ҳам улар йиғлаб боради. Ҳатто Хўронайм йўлида Улар ҳалокат туфайли фиғон чекади.
6Ҳа, ўтлар қуриб адо бўлди, Майсалар тамом бўлди. Яшилликдан асар қолмади, Нимрим суви хароб бўлди.
7Энди улар ўзлари эришган бойликларни, Ўзларининг ҳамма мол–мулкларини Арабим сойлиги орқали олиб кетади.
8Фарёд етиб борган Эхлайим шаҳригача, Йиғи етиб борган Бэр Элим шаҳригача, Мўаб юрти оҳу нолага тўлди!
9Ана, Дибондаги сувлар [4] қон билан тўла! Аммо энди Худо Дибонга [5] баттарини қилади. Мўабнинг қочиб қутулганларига, Юртдаги қолган–қутганларининг бошига Шерларни олиб келаман.