Ишаё 19:1-25 UZV2013 - Bible AI

1Миср ҳақида башорат.
Ана, Эгам миниб олган учқур булутга, У келади Мисрга. Мисрнинг беҳуда бутлари Унинг олдида титрар, Мисрнинг юраги эса орқага тортар.

2“Миср халқини бир–бирига сапчитаман. Ака–укалару дўстлар, Шаҳарлару шоҳликлар Бир–бирига қарши чиқар.

3Мисрдаги руҳлар битта қолмай қочиб кетади. Мен Мисрнинг режаю ниятларини пучга чиқараман. Улар қидириб қолар Беҳуда бутларнию сеҳргарларни, Фолбинлару оталари руҳларини.

4Мен Мисрни бераҳм хўжайинларга топшираман, Ҳа, кучли шоҳ уларни бошқаради”, — демоқда Сарвари ОламРаббий.

5Нил суви қуриб қолади, Дарё қуриб бораверади, У жизғанак ер бўлади.

6Оқар сувлар бадбўй ҳид чиқаради, Мисрдаги Нил пасайиб, қурийди. Поялару қамишлар чирийди.

7Нил қирғоғидаги, дарё бўйидаги қамишлар, Нил бўйига экилган ҳамма экинлар Қуриб кетади, совурилади, Улардан ҳеч нарса қолмайди.

8Балиқчилар аза тутар, Нилга қармоқ ташлаганлар йиғлар, Сувга тўр ёйганлар умидсиз бўлар.

9Зиғир толасига ишлов берадиганлар Шарманда бўладилар, Оқ мато тўқийдиганлар [1] Уятга қолиб кетадилар.

10Уларнинг дастгоҳлари ишдан чиқади, Барча ишчилари тушкунликка тушади.

11Эй Зўван [2] шаҳзодалари, ғирт аҳмоқсиз ахир, Эй Фиръавн маслаҳатчилари, сизнинг донолигингиз ҳам шундай. Маслаҳатларингиз даф бўлади. Қандай қилиб сиз фиръавнга: “Биз доноларнинг ўғлимиз, Қадим шоҳлар наслиданмиз”, дея айта оласиз?!

12Эй Фиръавн, қани ўша доно одамларингиз?! Сарвари Олам Мисрга нима режа қилганини Улар сизга билдирсин, айтсин.

13Мана, Зўван шаҳзодалари аҳмоқ бўлдилар, Нуф [3] шаҳзодалари алдандилар. Мисрни ўз қабила бошлиқлари йўлдан урдилар,

14Уларнинг ақлини Эгам чалкаштирди, Қусиғига думалайдиган маст қандай бўлса, Мисрни улар шундай йўлдан оздирар.

15Мисрга ҳеч ким ёрдам бера олмас, На боши, на қуйруғи, на хурмоси, на қамиши.

16Ўша куни Миср хотин кишига ўхшаб қолади. Сарвари Олам унга қарши қўлини кўтаради, шунда Миср титраб даҳшатга тушади.

17Яҳудо Мисрликларни даҳшатга солади. Сарвари Олам уларни ваҳимага солганини эслаган ҳар бир одам даҳшатга тушади.

18Ўша кунга келиб, Мисрдаги бешта шаҳар иброний тилида [4] гапирадиган бўлади. Улар Сарвари Олам олдида онт ичадилар. Бу шаҳарлардан бири “Қуёш шаҳри” [5], деб аталади.

19Ўша куни Мисрнинг ўртасида Эгамиз учун бир қурбонгоҳ, чегарада бир муқаддас тош ўрнатилади.

20Булар Сарвари Олам учун Мисрда бир белги ва гувоҳ бўлади. Халқ золимлар дастидан ёлворганда, Эгамиз уларни қутқарадиган бир ҳимоячи юборади. У халқни қутқаради.

21Эгамиз Ўзини Мисрликларга зоҳир қилади. Мисрликлар ҳам ўша куни Уни танийдилар. Эгамизга қурбонликлар келтириб, назрлар атаб, сажда қиладилар. Унга ваъда бериб, ваъдаларини адо этадилар.

22Эгамиз Мисрликларни хасталик келтириш билан жазолайди, кейин шифо беради. Улар Эгамизга ёлворадилар, Эгамиз уларга шифо беради.

23Ўша куни Миср билан Оссурия ўртасида бир йўл бўлади. Оссуриялик Мисрга, Мисрлик Оссурияга бориб келаверади. Оссурияликлар билан Мисрликлар биргаликда сажда қиладилар.

24Ўша куни Миср билан Оссурия қаторида Исроил учинчи халқ бўлади. Учалови ер юзига барака бўлади.

25Ҳа, Сарвари Олам шундай деган: “Барака топинглар! Эй халқим Миср, қўлларимнинг ижоди Оссурия, Ўзимнинг мулким Исроил!”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>