Ишаё 2:1-22 UZV2013 - Bible AI

1Омиз ўғли Ишаёга ваҳийда Яҳудо ва Қуддус ҳақида аён бўлган башорат.

2Шундай кунлар келадики, Эгамизнинг уйи турган тоғ Тоғларнинг энг юксаги бўлиб, қарор топади. Бу тоғ ҳаммасидан ҳам баланд бўлади, Ҳамма халқлар у ерга дарёдай оқиб келади.

3Кўплаб эллар келади, Улар шундай деб айтади: “Қани, юринглар! Чиқайлик Эгамизнинг тоғига! [1] Қани, юринглар! Борайлик Ёқуб наслининг Худоси уйига! Токи У бизга ўргатсин Ўзининг йўлларини, Токи юрайлик бизлар Унинг сўқмоқларидан.” Ахир, Эгамизнинг каломи келиб чиқар Қуддусдан, Ҳа, Худонинг таълимоти келиб чиқар Сиондан.

4Эгамиз ҳукм қилади халқларнинг орасида, Ажрим қилади кўп миллатлар орасида. Қиличларини айлантиришади омочга, Найзаларини эса ток қайчиларига. Қилич кўтармайди бир–бирига халқлар, Ҳеч қачон жанг қилмайди улар.

5Эй Ёқуб хонадони! Келинглар, Эгамизнинг нурида юрайлик.

6Эй Ёқуб хонадони! Халқингизнинг йўлларини сиз тарк этдингиз! [2] Бу юрт шарқдан келган башоратгўйларга [3], Филистлар юртига [4] ўхшаб фолбинларга тўла. Улар бегона халқлар билан ҳамтовоқ бўлдилар.

7Қаранг, Ёқуб хонадони тўла кумуш, олтинга, Чек–чегараси йўқ хазиналарининг, Уларнинг юрти тўладир отларга, Чек–чегараси йўқ жанг араваларининг.

8Уларнинг юрти тўла беҳуда бутларга! Улар таъзим этарлар Қўлларининг ижодига, Ўзлари ясаб, яратганларга.

9Эвоҳ, мана инсон паст бўлди, Шу тариқа одамзод тиз чўктирилди, Уларнинг қаддини кўтарма, эй Эгам!

10Эгамдан қўрқиб қочинглар, Қоянинг ичига кириб олинглар, Тупроқ остига яширининглар, Эгамнинг улуғворлиги буюкдир!

11Ҳа, инсоннинг мағрурлиги ерга урилади, Одамзоднинг юксаклиги паст бўлади, Ёлғиз Худо ўша куни юксалади.

12Зотан, Сарвари Оламнинг бир куни бор, Қарши чиқар У жамики кибор, кеккайганларга. Ўша мағрурларга қарши бўлар, Уларнинг ҳар бирини ерга урар.

13Қарши бўлар У барча юксак, мағрурларга! Ҳа, ўша Лубнон садрларию Башан [5] эманларининг ҳаммасига.

14Қарши бўлар У ҳамма баланд тоғларга, Ҳамма юксак тепаликларга.

15Қарши бўлар У ҳар бир баланд минорага, Ҳар бир мустаҳкам қалъага.

16Қарши бўлар ўша машҳур Таршиш [6] кемаларию Инсон яратган барча ажойиботларга.

17Ҳа, ерга урилади ўша одамзод фахри, Паст бўлади инсоннинг юксаклиги! Ёлғиз Худо ўша куни юксалади!

18Беҳуда бутлар тамомила йўқ бўлиб кетади.

19Эгамиз қўзғалганда Ерни ларзага солай, дея Инсон кириб кетар қоялардаги ғорларга Эгамиздан қўрққанидан, Кириб кетар ердаги чуқурларга Унинг буюк улуғворлигидан.

20Одам, ўзим сажда қилай, деб ясаган Олтину кумуш бутларини Берар ўша куни юмронқозиқ Ҳамда кўршапалакларга.

21Ҳа, Эгамиз қўзғалганда Ерни ларзага солай, дея Инсон қоялардаги ғорларга кирар Эгамиздан қўрққанидан, Чўққиларнинг ёриқларига яширинар Унинг буюк улуғворлигидан.

22Энди узоқда юринг Тупроқдан яратилганлардан. Борми уларнинг бирон қиймати?!

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>