1Денгиз бўйидаги саҳро [1] ҳақида башорат.
Нагав узра кетма–кет эсаётган бўронлар каби, Чўл — қўрқинчли юртдан келаётир у.
2Оғир бир ваҳий кўрдим: Хоин хоинлик қилаётир, Босқинчи талон–тарож қилаётир. Эгамнинг сўзларини эшитдим: “Эй Элам халқи, ҳужум қил, Эй Мидия [2] халқи, қамал қил! Жамики нолаларга барҳам бераман!”
3Эвоҳ, кўрганларимдан ичимда оғриқ турди, Туғаётган аёл каби азоблар мени қамради. Икки букилдим эшитганларимдан, Даҳшатга тушдим кўрганларимдан.
4Юрагим увишиб кетди, Қўрқувдан титраб кетдим. Оқшомни кутгандим, У эса қўрқувга тўла.
5Дастурхон ҳозирламоқдалар, Гиламлар тўшаб, еб–ичмоқдалар. Қўзғалинг, эй раҳнамолар, қалқонларни ёғланг!
6Раббий менга шундай деди: “Қани, бир қоровул қўй, Кўрганини етказсин.
7Жанг араваларининг, отлиқларнинг, Эшакларга, туяларга минганларнинг Жуфт–жуфт бўлиб келганини кўради. Яхшилаб эътибор берсин.”
8Шу лаҳзада қоровул шердай ўкириб қолди [3]: “Эй тўрам, мен кундузи ҳар доим Қоровул минорасида тураман, Ҳар тун ҳам жойимдаман.
9Ана, жанг аравалари, отлиқлар Жуфт–жуфт бўлиб келаётир!” Шу он у бақириб хабар берди: “Қулади, Бобил қулади! [4] Бутлари синиб, ер билан битта бўлди!”
10Эҳ, халқим! Хирмонда буғдой каби янчилган [5] халқим! Исроил халқининг Худоси — Сарвари Оламдан Эшитганларимни сизга билдирдим.
11Думах [6] ҳақида башорат.
11 Сеирдан [7] мени чақиришар: “Эй посбон, қачон тонг отар? Қачон тонг отар?”
12Жавобим шудир: “Тонг отаётир, Аммо яна кеч киради. Кўпроқ билмоқчи бўлсангиз, Яна қайтиб келинг.”
13Арабистон ҳақида башорат.
13 Ғарб ўрмонларида тунайсиз, Эй Дедон [8] карвонлари!
14Эй Темо [9] аҳолиси! Сув келтиринг, ташналарга пешвоз чиқинг! Қутулиб омон қолганларга нон беринг!
15Ахир, улар қочаётирлар қиличдан, Яланғочланган қиличдан, Таранг тортилган ёйлардан, Шафқатсиз урушлардан.
16Раббий менга шундай деди: “Яна бир йилдан кейин, ёлланган ишчининг муддати каби Кедарнинг [10] улуғворлиги барҳам топади.
17Кедарнинг камонкашу ёйандозларидан озгинаси қолади.” Ҳа, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай деди.