Ишаё 23:1-18 UZV2013 - Bible AI

1Тир [1] ҳақида башорат.
Эй Таршиш [2] кемалари, фарёд қилинг! Энди йўқ бошпанангиз! Кипр [3] соҳилида эшитган хабарлар. Мана, уларнинг ҳаммаси равшан.

2Сукут сақланг, эй орол халқи! Эй Сидон [4] савдогарлари! Бир пайтлар кемаларга тўла эдингиз.

3Шихор [5] дони, Нилнинг ҳосили Тирнинг даромади бўлган эди, У элатлардан фойда қиларди.

4Уят сенга, эй Сидон! Ахир, Тир, денгиз бўйидаги қалъа шундай демоқда: “На тўлғоқ азобин чекдим, на туғдим, На ўғиллар, на қизлар улғайтирдим.”

5Тир тўғрисида эшитганда, Мисрнинг юраги қинидан чиқай дейди.

6Таршишга жўнанг, эй қирғоқ аҳолиси, Фарёд қилинг!

7Қадимда барпо бўлган, Такаббур шаҳрингизнинг ҳоли не бўлди? Энди дарбадар бўласиз, Узоқ, бегона юртни ватан қиласиз.

8Тирга қарши ким бундай қарор чиқарди? Бу шаҳар шоҳларга тож кийдирганди, Савдогарлари ҳукмдор эди, Бутун дунё уларни иззат қиларди.

9Сарвари Олам қабул қилди бу қарорни: “Такаббурлиги, улуғворлиги йўқ бўлсин, Бутун олам иззат қилганлар ерга урилсин.”

10Эй Таршиш аҳли! Нил бўйидаги деҳқонлар каби Ерларингга ишлов бер [6]. Ахир, бандаргоҳинг йўқ энди [7].

11Канъон қалъалари вайрон бўлсин”, деб Эгамиз амр берди. Ҳа, У денгизга қарши қўл кўтарди, Шоҳликларни титратди.

12Эгамиз шундай деди: “Зулм чеккан, эй Сидон аҳли, Энди хурсандчилик билмай ўтасан. Қани, Кипрга жўна, У ерда роҳат нималигин билмай ўтасан.”

13Ана Бобил [8] юртига боқ, энди унинг халқи йўқ. Оссурияликлар қуршов миноралари қурдилар, Бобилликларнинг саройларини яксон қилдилар. Юртни вайронага айлантирдилар, ёввойи ҳайвонларга бердилар.

14Фарёд қилинг, эй Таршиш кемалари, Энди йўқ бошпанангиз! [9]

15Шундан кейин Тир шаҳри бир шоҳнинг умрича — етмиш йилга унутилади. Етмиш йил ўтгандан кейин, Тир ҳам қуйидаги қўшиқда айтилган фоҳишадай бўлади.

16Арфангни ол, шаҳар бўйлаб кез, Эй ҳамма унутган фоҳиша! Қани, гўзал қилиб чал–чи! Қўшиқ кетидан қўшиқ куйла–чи! Балки сени эслаб қоларлар.

17Етмиш йил ўтгач, Эгамиз Тир билан яна алоқада бўлади. Аммо Тир пул учун яна фоҳишалик қила бошлайди. Дунёнинг ҳамма шоҳликларига фоҳиша бўлади.

18Шаҳар тижоратдан ва фаҳшдан олган даромадларини Эгамизга атайди. Даромадлар йиғилмайди ҳам, сақланмайди ҳам. Тижоратдан олганларини тўйгунча есинлар, чиройли кийинсинлар, деб даромад Эгамизнинг ҳузурида яшаётганларга берилади.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>