9Тун бўйи юрагим Сени қўмсайди, Ҳа, мен Сенга интиламан. Ер юзида Сенинг ҳукминг бўлганда, Олам аҳли адолатни билади.
10Фосиқлар марҳамат кўрганда Улар асло солиҳликни ўрганмас. Ҳаққонийлик ўрнига улар эгрилик қилаверади, Сенинг улуғворлигингни улар кўрмайди.
11Эй Эгамиз, қўлинг кўтарилган, Жазолашга тайёр, Аммо улар буни кўрмайди. Халқингни деб жон куйдирганингни кўриб, Улар шарманда бўлсин. Ғанимларингга аталган олов уларни ютсин.
12Эй Эгамиз, бизга Сен тинчлик ато этасан, Қилган ишларимизнинг барчасига Етишганмиз Сенинг қудратинг ила.
13Эй Эгамиз Худо, сендан бошқалар Устимиздан ҳукмронлик қилдилар, Аммо биз ёлғиз Сенинг номингни тилга оламиз.
14Ўликлар яшамаслар, Улар асло қайтиб келмас. Уларни Сен жазолаб, қириб ташладинг, Уларни тамомила хотирадан ўчирдинг.
15Эй Эгамиз, халқимизни Сен кўпайтирдинг, Халқни кўпайтириб, Ўзинг юксалдинг, Юртнинг барча чегараларини кенгайтирдинг.