Ишаё 27:1-13 UZV2013 - Bible AI

1Ўша куни Эгамиз қиличи билан жазолар, Шафқатсиз, баҳайбат, қудратли қиличи билан. Жазолар Левитанни [1], ўша қочаётган илонни, Левитанни, ҳа, ғимирлаётган илонни, Ўлдирар денгиздаги ўша аждарҳони.

2Эгам айтар: “Ўша куни ажойиб узумзор [2] тўғрисида куйланг!

3Мен, Эгангиз, узумзор қўриқчисиман, Доимо уни суғораман. Кечаю кундуз узумзорни қўриқлайман, Ҳеч ким унга зарар келтиролмайди.

4Мен ғазабда эмасман! Лекин тиканлару буталар Менга қарши чиқса, Улар билан жанг қиламан. Уларни ёндириб ташлайман.

5Улар Мендан паноҳ излаб келсин! Ҳа, Мен билан тинчлик ўрнатсин, Улар Мен билан тинчлик ўрнатсин.”

6Вақти келиб, Ёқуб насли илдиз отади, Исроил куртак отиб, гуллайди, Ер юзини мевалари билан тўлдиради.

7Исроилнинг душманларини Эгамиз эзди! Эгамиз Исроилни шунчалик урдими?! Исроилнинг ғанимларини ўлдирди! Эгамиз Исроилни шунчалик жазоладими?!

8Йўқ, Эгамиз ўз халқини жазолаганда Уларни юртидан ҳайдаб, сургун қилди. Шарқдан эсган бўрон каби Уларни узоққа олиб кетди.

9Шундай қилиб, Ёқуб наслининг гуноҳлари Тамомила унутилади. Эгамиз шу ишни қилади. Қурбонгоҳнинг тошлари парчаланса Исроил кечирилади. Тикка турган Ашерага [3] аталган устуну Тутатқи қурбонгоҳи қолмаса, Исроилнинг гуноҳлари ювилади.

10Мана, Исроилнинг мустаҳкам шаҳарлари ташландиқ бўлди, Тарк этилган саҳродай, ҳувиллаган юрт бўлди. Вайроналар орасида чорва ўтлаб юради, Дарахтларнинг баргини еб, шип–шийдам қилади.

11Шохлари қуриб, синиб ётибди, Аёллар келиб, уларни ёқади. Бу халқ ақл–ҳушидан айрилган, Яратган ҳам уларга ачинмайди, Худо уларга марҳамат кўрсатмайди.

12Ўша куни, эй Исроил халқи, Эгамиз сизларни Фурот дарёсидан Миср сойлигигача бўлган ерда янчади [4]. Ҳаммангизни битта–битта йиғиб келади.

13Ўша куни катта карнай чалинади. Оссурия юртида йўқолганлар, Миср юртига қувилганлар келиб, Қуддусдаги муқаддас тоғда [5] Эгамизга сажда қилади.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>