Ишаё 29:1-24 UZV2013 - Bible AI

1Эгам айтар: “Ҳолингга вой, эй Довуд яшаган шаҳар! Эй Ориёл [1], Ориёл! Йиллар ортидан йиллар ўтаверади, Байрамларни нишонлашаверади.

2Аммо бошингга кулфат келтираман, Фарёд қилиб, нола чекасан, Сени қурбонгоҳ [2] қиламан.

3Атрофингда сенга қарши лашкар тўплайман, Қамал иншоотларини ўрнатаман. Миноралар қуриб, сени ўраб оламан.

4Ернинг остидан сен гапирасан, Тупроқ остидан сўзларинг келади, Овозинг шарпа овозидай ер остидан чиқади, Гапларинг тупроқ остидан шивирлаб келади.

5Аммо шунда шафқатсиз душманларинг Бирданига чанг каби учиб кетади, Тўсатдан бўрондаги хас–чўпдай Улар тўзиб кетади.

6Келади Мен, Сарвари Олам, гумбур–гумбур, Зилзила, шовқин–сурон, довул, Бўрону ютиб юборувчи аланга билан.

7Эй Қуддус [3], сизга қарши чиққан халқлар йўқ бўлиб кетади. Сизнинг қалъангизга ҳужум қилган ваҳший элатлар Тундаги туш каби ўтиб кетади.

8Ҳа, оч одам тушида овқат еса ҳам, Уйғонганда, очлигича қолаверади. Чанқаган одам тушида сув ичадию Чанқоғи қонмасдан уйғонади. Эй Сион тоғи, сизга қарши чиққан Жамики элатлар ҳам шу аҳволга тушади.”

9Ўзингизни кар қилинг, донг қотиб қолинг, Ўзингизни кўр қилинг, кўрмас бўлинг, Маст бўлинг, аммо шаробдан эмас, Гандираклаб юринг, аммо бўзадан эмас.

10Эгам сизни қаттиқ ухлатиб қўйди, Эй пайғамбарлар, Эгам кўзларингизни уйқуга бостирди. Эй валийлар, Эгам бошу кўзларингизни ўраб қўйди.

11Мана, бу ваҳийнинг ҳаммаси сизлар учун муҳрланган ўрама қоғоздай [4] бўлиб қолди. Бу ўрама қоғоз ўқий оладиганларга берилиб: “Буни ўқинг!” деб буюрилса, улар: “Йўқ, муҳрланган экан”, дейдилар.

12У ўқий олмайдиганларга берилиб: “Буни ўқинг”, деб айтилган бўлса, улар: “Биз ўқишни билмаймиз”, деб жавоб берадилар.

13Ҳа, Раббий айтди: “Бу халқ фақат сўздагина Менга яқинлашади, Тилдагина Мени иззат қилади, Юраклари эса Мендан узоқдир. Инсон яратган қоидалар орқали Менга сажда қилади.

14Мана, Мен яна шундай бир иш қиламанки, Бу халқ ҳайратда қолади, Лол бўлиб, донг қотади. Донолари доноликдан маҳрум бўлади, Идроклилари идрокидан айрилади.”

15Ҳолингизга вой! Эгамиздан режаларингизни яширяпсиз, Ишларингизни қоронғиликда қиляпсиз. “Ким бизни кўрарди, ким бизни биларди?” дейсиз.

16Ҳаммасини ағдар–тўнтар қиляпсиз, Ахир, кулолни лойга тенглаштириб бўладими?! Наҳотки буюм ўзини яратганга: “Мени яратганинг йўқ”, деб айтса?! Наҳотки идиш кулолга: “Сен тушунмайсан”, деб айтса?!

17Мана, қисқа вақт ичида Лубнон ўрмони [5] далага айланади. Дала эса қалин ўрмон бўлади.

18Ўша куни китобдаги сўзларни карлар эшитар, Кўрларнинг кўзлари зулматда нур кўрар.

19Бечораларга Эгам янги қувонч ато этади, Исроил халқининг муқаддас Худоси туфайли Муҳтожлар шод бўлади.

20Золимлар то абад йўқ бўлади, Мазахчилар ҳалок бўлади, Ёмонлик истовчилар қириб ташланади.

21Улар одамларга туҳмат ёғдирар, Ҳакамларга тузоқ қўяр, Солиҳларни адолатдан маҳрум қилар.

22Шу боис Иброҳимни қутқарган Эгам Ёқуб хонадонига шундай деб айтмоқда: “Ёқуб насли энди ҳеч қачон шарманда бўлмайди, Қўрқувдан унинг ранги оқармайди.

23Мен яратганларни, ҳа, фарзандларини Исроил халқи ўзининг орасида кўрганда, Менинг номимни муқаддас деб билади, Мен, Ёқуб наслининг Худосини муқаддас деб билади. Ҳа, Исроил халқининг Худоси — Менинг олдимда ҳайратда туради.

24Йўлидан адашганлар ўшанда тушуниб етади, Нолиганлар йўл–йўриқларимни ўрганади.”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>