1Сарвари Олам — Раббий энди Қуддус ва Яҳудо халқига ҳар турли таъминот ҳамда мадад бермай қўяди. Уларни нон ва сувдан бебаҳра қиляпти.
2Жангчилар ва аскарлардан, ҳакамлар ва пайғамбарлардан, фолбинлар ва оқсоқоллардан маҳрум қиляпти.
3Элликбоши ва амалдорлардан, маслаҳатчилардан, моҳир усталар ва “доно” афсунгарлардан жудо қиляпти.
4Эгам айтар: “Болалар ҳукмрон бўлар бу халқ устидан, Ақлсизлар ҳукмронлик қилар улар тепасидан.”
5Халқ бир–бирига зулм қилади, Ҳар ким дўстига душман бўлади. Ҳақорат қилар ёш йигит оқсоқолни, Шарманда одам эса обрўли одамни.
6Одамлар ўз яқинини ушлаб олиб, Ўша қариндошига шундай дейдилар: “Устингда кийиминг бор экан, Бизга бош бўла қол. Мана бу вайроналар уюми Сенинг қўл остингда бўлади.”
7У эса ўша куни қасам ичиб айтар: “Ахир, мен шифо бера олмайман, Мени қилманг халққа бошлиқ, Уйимда бор на нон, на кийим.”
8Ҳа, Қуддус ҳам, Яҳудо ҳам қулади. Халқининг тиллари, ишлари Худога қаршидир. Эгамнинг шуҳратини улар ерга булғади.
9Юзлари гувоҳлик бериб турар, Улар Садўм [1] каби гуноҳларини ошкор қилар. Ҳа, гуноҳларини улар яширмас. Эҳ, ўзлари бошларига келтирар кулфат! Уларнинг ҳолига вой!
10Солиҳларга эса яхшилик кўрасан, деб айтинг, Улар ўз ишларининг самарасидан лаззат топади.