Ишаё 34:1-17 UZV2013 - Bible AI

1Эй элатлар, яқинроқ келинг, қулоқ солинг! Эй халқлар, диққат қилинг! Эшитинг, эй замин, заминдаги бор жонзот! Оламу унинг маҳсули, эшитинг!

2Ҳа, Эгамиз бутун элатлардан ғазабда, Уларнинг лашкарларига қаҳри келди. Эгамиз уларни тамомила қириб ташлайди. Уларни бўғизлашга ҳукм этган.

3Мурдалари кўмилмай қолиб кетади, Жасадларидан қўланса ҳид анқийди, Уларнинг қони қирларда дарё бўлиб оқади.

4Самодаги ҳамма юлдузлар чириб кетади, Осмон ўрама қоғоздай [1] эшилиб кетади. Токдан қуриб тушган барглар сингари, Дарахтидан тўкилган анжир сингари Самовий жисмлар тўкилиб кетади.

5Эгам айтар: “Ҳа, самоларда қиличим Менинг пайдо бўлди [2]. Мана, у Эдомга [3], Мен ҳалокатга ҳукм қилган халқнинг бошига тушади.”

6Эгамизнинг қиличи қонга булғанган. Қўзилар, эчкилар ёғига, қонига, Қўчқор буйрагининг ёғига тўйган. Ҳа, Бозрах шаҳрида [4] Эгамизга қурбонлик бор, Эдом юртида катта қирғин бошланди.

7Ёввойи буқалар, новвослар, катта ҳўкизлар ҳам Улар билан бирга қулайди. Уларнинг ери қон билан суғорилади, Тупроғи ёғни шимиб олади.

8Ҳа, бу кун Эгамизнинг қасос кунидир. Қуддус [5] учун Эгамиз қасос оладиган йилдир бу.

9Эдом ирмоқлари қатронга айланади, Тупроғи олтингугуртга айланади, Бутун юрт эса аланга ичида қолади.

10Аланга кечаю кундуз ўчмайди, Тутун абадий кўтарилаверади. Бу юрт авлодлар оша Вайрона бўлиб қолаверади. Ҳеч ким уни то абад босиб ўтмайди.

11У ер бойқушлару кирпиларнинг мулки бўлади, Уккию [6] қарғалар у ерда макон қилади. Ҳа, Эгамиз бу юртни ўлчаб, Вайронаю харобага лойиқ топди.

12Бу юртда аслзодалар йўқ энди, У ердан бирорта шоҳ чиқмайди, Барча шаҳзодалари йўқ бўлиб кетади.

13Қалъаларида тиканлар ўсади, Саройларида янтоқлар, қушқўнмас буталар битади. У ер чиябўриларга маскан бўлади, Туяқушларнинг бошпанаси бўлади.

14Ёввойи мушуклару сиртлонлар Бир–бирига дуч келади, Ёввойи эчкилар бир–бирини чақириб маърайди, У ерда тун шарпалари дам олади, Ўша ер уларга оромгоҳ бўлади.

15Илонлар [7] у ерда ин қуриб, тухум қўяди, Соя жойларда болаларини йиғади. Қузғунлар у ерда жуфтланиб тўпланади.

16Мана, Эгамизнинг китобидан [8] топиб, ўқинг: Улардан биронтаси йўқ бўлмайди, Ҳаммаси жуфт–жуфт бўлади, Эгамизнинг Ўзи шундай амр этган, Унинг Руҳи ҳаммасини тўплади.

17Эгамиз қуръа ташлаб, ҳар бирининг улушини берди, Арқон билан ўлчаб, юртни уларга бўлиб берди. Бу юрт то абад уларнинг мулки бўлади, Авлодлар оша улар бу ерда яшайди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>